Помидор жигарранг вирус касаллиги!

Бу вирусли касаллик биринчи марта 2015 йилда Иордания ва Исроилда қайд этилган. Помидор ва қалампирга асосан зарар келтиради. Вирус Тобамовирус турига мансуб, жуда тез тарқалиш хусусиятига эга. Вирус ўсимлик баргларида мозаикаларни ҳосил қилади, барглар ўз ҳолатини ўзгартиради, мевалар жигарранг, ажинли доғлар, мевалар рангсизланади, барглар деформацияланади. 2015 йилда Иордания иссиқхоналарида экилган помидор майдонларида мавсум давомида ўсимлик баргларида деформациялар ҳосил бўлиб меваларида кучли жигарранг хлороз белгилари пайдо бўлди.
Худди шундай касаллик аломатлари 2014 йилнинг кузида Исроилнинг Охад шаҳрида пайдо бўлган ва бу мамлакатда бир йил ичида тез тарқалиш ҳолати кузатилган. Фаластинда касаллик аломатлари биринчи марта 2018 йилда кузатилган.
Помидор жигарранг вируси касаллиги Исроил ва Иорданиядан бошқа Европа мамлакатларига ҳам тарқала бошлади. Германияда 2018 йилда, 2019 йилда Италия иссиқхоналарида ва экин майдонларида аниқланди. Ёппасига қарши курашиб йўқ қилинди.
Калифорния штатида касаллик 2018 йилнинг куз ойларида аниқланди ва Калифорния озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги департаменти томонидан йўқ қилинди.
Касаллик аломатлари помидор навига қараб енгил ва оғир бўлиши мумкин. Касалликнинг енгил кўринишида мозаикалар ҳосил бўлади, барглар ранги ўзгаради. Касалликнинг оғир кўринишида эса меваларда жигарранг меваларда жигарранг ажин ва доғлар ҳосил бўлиши баробарида меваларнинг сарғайиб кетиши ҳамда барглар ҳолати ўзгариши мумкин.
Касаллик уруғлар, вирус билан зарарланган асбоблар, кийимлар, механик воситалар ёрдамида тарқалади. Чангланиш вақтида ҳам тарқалиши мумкин. Жигарранг вируси касаллиги чидамли помидор навларида шу кунгача аниқланмаган. ToBRFV вируси помидорга юқори даражада зарар келтириши туфайли помидор етиштирувчи Германия ва бошқа Европа Иттифоқи давлатлари учун катта иқтисодий зарар келтиради.
Қарши кураш чоралари:
Вирус механик воситалар орқали осонлик билан юқиши сабабли ҳар хил сиртларда, узоқ вақт терида, қўлқопда камида 2 соат қаттиқ пластмассада, 3 соат шиша алюминий ва зангламайдиган пўлатда камида 1 ой сақланади. Ишлатилган барча иш қуроллари спирт ёки формалин билан ювилиши керак. Вирусни йўқ қилиш учун пластик идишлар 90 С иссиқ сувда ивитилади. Вирусли касалликлардан қутилиш бир мунча қийин, шу сабабли бутун вегетация даврида бир неча марта фунгицидлар билан ишлов бериш керак. Ўта касалланган помидор кўчатлари йиғиштирилиб ёқиш йўли билан йўқ қилинади. Помидор ҳосили йиғиштирилгач барча кўчатлар йиғиштирилиб ёқиш йўли билан йўқотилади.
“Ўздавкарантин” инспекцияси 2021 йил 12 февралдан бошлаб Туркия давлатининг Бурса ҳудудидан Ўзбекистон Республикасига помидор ва қалампир уруғлари экспорти учун вақтинчалик тақиқ жорий этилди. Бунга сабаб Туркиядан келтирилган 85 кг помидор уруғларида «Помидор жигарранг вируси» касаллиги аниқланди. Импорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар экиш материаллари, кўчат ҳамда уруғликларни олиб келишда Ўсимликлар карантини давлат инспекциясини олдиндан хабардор қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Қ. Раҳмонқулов,
Ф. Алимов,
Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини инспекторлари