2021 йил 1 январь кунидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси суд тизимида “бир инстанция-бир суд” тизимининг жорий этилиши ва назорат инстанциясининг тугатилиши муносабати билан 2021 йил 12 январь куни қабул қилинган қонунлар асосида, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур мақолада, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январь кунидаги ЎРҚ-663-сон қонуни билан Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида тўхталиб ўтишни жоиз топдик. Зикр этилган қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг жами 55 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Кодекс 5 та янги модда билан тўлдирилган, бундан ташқари Кодексдаги 13-модда янги таҳрир билан қабул қилиниб, 1 та боб чиқариб ташланган. Кодекснинг 5-боби, яъни иқтисодий ишларнинг судга тааллуқлилигига оид 25-моддаси биринчи қисми 51 ва 52-бандлар билан тўлдирилиб, инвестициявий низолар бўйича ишлар ҳамда рақобатга оид ишлар иқтисодий судга тааллуқли эканлиги белгиланди. Кодекснинг 1-параграфи қуйидаги мазмундаги янги моддалар билан, яъни 301-модда-инвестициявий низолар бўйича ишлар ҳамда 302-модда-рақобатга оид ишлар билан тўлдирилди.
Бунда, инвестициявий низолар сифатида:
1) инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар;
2) инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар;
3) инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар;
4) инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар;
5) инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар эканлиги белгилаб қўйилди. Кодекснинг 302-моддасида эса рақобатга оид ишларнинг таърифи келтирилиб, юридик шахслар, шу жумладан чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши орган ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига киришлиги белгилаб қуйилди. Эндиликда, инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқилади. Йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тақдим этилиши мумкин. Йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар, шунингдек товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкин. Инвестициявий низолар бўйича ишлар, низо келиб чиққан ҳуқуқий муносабат иштирокчиси юридик ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъий назар, иқтисодий суд томонидан кўрилиши аниқ ва равшан белгилаб қўйилди. «Инвестициявий низолар бўйича ишлар» «Рақобатга оид ишлар» бўйича низолар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, маъмурий судларнинг судловига ҳам тааллуқлиги белгиланди. Биз бундан маъмурий судларнинг судловга тааллуқлиги бўлган инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига ва улар мансабдор шахсларнинг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорлари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар, рақобатга оид ишлар жумласига эса, юридик шахслар, шу жумладан чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқарув органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар маъмурий судларнинг судловига тааллуқли эканлигини фарқлай олишимиз даркор. Қабул этилган қонуннинг яна бир эътиборга молик томони прокурорларнинг барча суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқини чекловчи норма ва қоидалар асосида Иқтисодий процессуал кодекснинг 49-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Яъни, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас. Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён этади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно. Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно. Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
Бизнес омбудсманга ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилди. Бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно ҳисобланади. Кодекснинг апелляция инстанциясида иш юритиш нормаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонун қабул қилингунга қадар амалда бўлган суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича иш юритиш институти тугатилганлиги муносабати билан Кодексдан назорат тартибида иш юритиш қоида ва нормалар чиқариб ташланган. Назорат инстанциясида иш юритиш бекор бўлган бўлсада, кассация тартибида кўрилган иш такроран кўрилиши мумкинлиги белгиланди. Шунингдек, Олий судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги белгиланди. Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали ишончли ва самарали ҳимоя қилишга, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлашга, мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашга ва ривожлаштиришга муҳим аҳамият касб этади.
А.Холмуминов,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг судьяси
С.Кадиров,
Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси
М.Хидиров,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси