Спорт мухлислари Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақасининг очилиш тадбирини мароқ билан томоша қилди. Туман спортни ривожлантириш бўлимининг яшил майдонида бўлган тантанада туман ҳокими Р. Гаппаров табрик сўзини айтиб, туманнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида эришилаётган ютуқлари, фахрли ўринларни эгаллаган жамоалар, спортчилар ҳақида тўлқинланиб гапирди.
Туман Давлат хавфсизлик хизмати бошли-и Эргаш Шеров анъанавий тарзда ўтказилаётган мусобақа, спорт турлари ҳақида гапирди. Улар чаққон ва мард ёшлар иштирокидаги ўйинларни очиқ деб эълон қилди. Футболчилар тизилиб турган майдонда спортчилар кўргазмали чиқишларини намойиш қилди. Бокс, бадиий гимнастика, таэквондо, футбол спорт турлари усулларини кўрган мухлислар қувонди. Туман маданият бўлими санъаткорлари ўз навбатида мусиқа ва санъат йўналишларида маҳоратларини кўрсатди. Санъаткорлик маҳоратини ошириб, санъат мухлисларига яхши танилаётган Мамасоли Жўраев шўх қўшиқ ижро этди. 11-болалар мусиқа ва санъат мактабининг ўқитувчилари Бахтиёр Мажидов ва Чори Бўриев доира куйларини чалди. «Янгиер» маданият маркази директори Шавкат Холиқов, «Ёшлар овози» республика танловининг туман босқичи ғолиби Чори Муҳаммадиев қўшиқлар айтиб, хурсанд қилди. Вилоят Филармонияси санъаткорлари Амириддин ва Сетора тайёрлаб, ижро этган қўшиқларни мухлислар олқишлар билан қабул қилди.
Шу куни мини футбол мусобақалари бошланди. Жамоалар яшил майдонда ҳужумкор футбол ўйнади. Шу тариқа тўртта сектордаги 61 та маҳалла жамоалари иштирокидаги узоқ муддатли ўйинлар авж олди. 16-30 ёшгача бўлган уюшмаган ёшлардан тузилган жамоалар маҳалласи биринчилигида кўчабай мусобақаларда қатнашади. Бу ўйинларда маҳалла ғолиби бўлган жамоалар ўз сектори ғолиблиги учун ўзаро мини футбол ўйнайди. Секторларнинг ғолиблари финал босқичида Давлат хавфсизлик хизмати кубогини қўлга киритиш учун майдонга чиқади.
Н. МУҲАММАДИЕВ