Коронавирус касаллигининг Испания давлатидаги оғир оқибатлари

24 март ҳолатига кўра Испанияда коронавирус касаллигига чалинганлар 35136 кишини ташкил этиб, 2311 киши қурбон бўлган. Охирги сутка давомида бу мудҳиш касалликка чалинганлар сони 16 фоизга кўпайган ва 462 киши ҳаётдан кўз юмган бўлиб, бу Испанияда эпидемия тарқалгандан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, касалхоналардаги вазият жуда оғир, жойлар мутлақо етишмаганидан йўтал тутган беморлар шундай коридорларда ўтирган ва ётган ҳолатда кунлаб шифокор ёрдамини кутишга мажбур бўлишмоқда. Врачлар ва тиббиёт ходимлари ўз имкониятларини батамом сарфлаб бўлишган, “Тез ёрдам” бўлимларига қабул қилиш мумкин бўлгандан уч-тўрт баробар кўп беморлар келиб тушмоқда.

Гранада касалхонаси “Тез ёрдам” врачи Хесус Кандель ўзининг YouTube каналида ҳукуматни янада кескин чоралар кўришга, аҳолини эса вазиятга жиддий қараш ва карантин талабларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Унинг айтишича, организмга бир марта вирус тушиш билан кўп марта вирус юқтиришнинг фарқи бор. Кўча-куйда кимдир сизга вирусни юқтириши мумкин, бошқа жойда яна кимдандир иккинчи, учинчи марта вирус юқтириб олишингиз мумкин. Яъни, қанча кўп одам билан мулоқатга киришсангиз, вирусга чалинишинигиз эҳтимоли кучайиши билан бирга, сизнинг касаллигингиз оғир кечиши эҳтимоли ҳам ортади.

Кўпчиликнинг бундай оғир вазиятда тиббиёт ходимларига қандай ёрдам бериш мумкин деган саволига, “Сиз фақат карантин талабларига қатъий риоя қилиб, ўз уйингиздан чиқмайгина ёрдам беришингиз мумкин”,дейди Гранадалик врач.

22 март куни Испания Бош вазири Педро Санчес мамлакатда ўта қаттиқ тартибдаги умуммиллий карантин жорий этилганини эълон қилди.14 мартда эълон қилинган ва 29 мартгача давом этиши кутилган фавқулодда ҳолат 15 апрелгача узайтирилди.Аҳолига заруратсиз уйдан чиқиш тақиқланган, фақат озиқ-овқат ва дори-дармон сотиб олиш учун кўчага чиқишга йўл қўйилади. Ўқув даргоҳлари, боғчалар меҳмонхоналар, умумий овқатланиш тизими ёпилган. Мамлакатга бошқа мамлакатлардан келувчилар учун чекловлар ўрнатилган. Карантин талабларини бузганлик учун 100 евродан 600 минг еврогача жарима қўлланиши, шунингдек бир йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Бош вазир яқин кунларда вирусга чалиниш ва қурбонлар сони кўпайиб боришини айтиб, келаётган оғир кунларга аҳолини руҳан тайёр бўлишга чақирди. Унинг айтишича, Испания халқаро экспертлар тавсияларига амал қилиб, вақтдан ютиш ва вирус тарқалиши даражасини пасайтириш учун Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стратегиясини қўлламоқда.Муракаб вазият туфайли армия ҳаракатга шай ҳолатга келтирилган. Испания мудофаа вазири Маргарита Роблес қариялар уйларини зарарсизлантириш билан шуғулланаётган ҳарбийлар қаровсиз қолган ва ўз тўшагида короновирусдан вафот этган кексаларни топишаётганини айтган. Ҳозир 3 мингга яқин фавқулодда вазиятлар қисмлари ҳарбийлари портлар, аэропортлар, давлат муассасалари, қариялар уйлари, кўчалар ва майдонларни зарарсизлантириш билан шуғулланишмоқда.

Бироқ, кўрилган чораларга қарамай, Испания коронивирусдан энг кўп зарар кўраётган мамлакатлар қаторига киради. Фавқулодда ҳолат қаттиқ интизом ўрнатилишини талаб қилади. Карантин талаблари ижросини таъминлаш учун барча полиция ва бир қатор армия қисмлари жалб қилинган.

Мадрид университети ҳуқуқ профессори Антонио Сабала Риеранинг айтишича, фавқуллодда ҳолат эълон қилинган биринчи куннинг ўзида ўнлаб ўрнатилган тартибни бузиш ҳолатлар аниқланган.

Маълумки, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсифига кўра, бир минтақада кутилмаганда касаллик тарқалиши эпидемия аталиб, янги касалликни бутун дунё бўйлаб тарқалиши пандемия деб ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахасислари ва тегишли экспертларнинг фикрига кўра, ҳозир дунё бўйлаб авж олган короновирус касаллиги инсоният тарихидаги сўнги юз йилликда учраган энг жиддий муаммолардан биридир. Бир қатор Европа давлатлари раҳбарлари короновирус касаллиги европа минтақасида жаҳон урушидан кейинги энг оғир синовлардан бири эканини таъкидлашмоқда.

Бугун дунёнинг деярли барча минтақаларида миллонлаб одамлар ўзларининг турмуш тарзи тубдан ўзгариб кетганига гувоҳ бўлиб туришибди. Юзага келган вазиятда вирус тарқалишини камайтириш ва уни олдини олиш учун барча давлатлар томонидан қатъий чора-тадбирлар кўрилиши талаб этилади. Бу хавфли касалликни енгиш йўлида давлат органлари ва соғлиқни сақлаш тизимлари томонидан кўрилаётган тадбирларда аҳолининг барча қатламлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши жуда муҳимдир. “Бу масалани менга алоқаси йўқ” деб ўйлаш мутлақо хатодир.

Ўз вақтида керакли чора-тадбирларни кўриш пандемияга қарши курашга ўз таъсирини кўрсатиши аниқ. Агар барчамиз бир тану бир жон бўлиб ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратсак, аҳоли саломатлигини сақлаш бошқа ҳамма нарсадан муҳим эканини англасак, биз бу оғир ва мураккаб вазиятдан шараф билан чиқишимиз мумкин. Бугунги кунда барча мамлакатлар ва халқларнинг пировард мақсади короновирустарқалишини олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолишдан иборатдир.

Тарихдан маълумки, бундай мураккаб вазиятлар одамларнинг эзгу мақсад йўлида жипслашуви, мамлакатда кўрилаётган чора-тадбирлар моҳиятини тўғри англаб етиш ва уларни амалга оширишда кенг жамотчиликнинг фаол иштироки ёрдамида енгиб ўтилади. Ҳамма даврларда бошига оғир кун тушган ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзишга тайёр бўлган саҳоватли инсонлар бўлган. Ҳозирги кунда ҳам кўплаб инсонлар ҳаётига таҳдид солаётган касалликни олдини олиш соҳасидаги давлат идоралари ва соғлиқни сақлаш тизимиларининг амалий ишларини қўллаб қувватлаш истагида бўлган шахслар кўпчиликни ташкил этмоқда.

Масалан, касаллика чалинганларнинг кўпчилик қисми аниқланган Мадриддаги меҳмонхоналар маъмурияти ўз биноларини касалларни жойлаштириш учун беришга тайёр эканликларини билдиришди.

Р. Левандовски, Ф.Тотти, К.Роналду сингари машҳур спорт юлдузлари короновирусга қарши курашиш, тиббиёт ускуналари, дори дармонлар сотиб олиш учун катта маблағлар ажратишмоқда.

Рустам Хуррамов,

туман адлия бўлими

етакчи маслаҳатчиси