ҚУМҚЎРҒОН ТУМАНИДА ҲИСОБОТ-САЙЛОВ КОНФЕРЕНЦИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йилнинг 23 май куни Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қумқўрғон туман кенгашининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов, шунингдек, Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Н.Химматова иштирок этди. Улар ўз нутқларида меҳнаткашларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Конференцияда 2020–2025 йиллар давомида амалга оширилган ишлар бўйича кенгаш фаолияти ҳисоботи ҳамда тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тингланди. Фаолият делегатлар томонидан қониқарли деб топилди.

Делегатлар овози билан Искандаров Бобирмирзо Ҳаитович қайтадан тармоқ касаба уюшмаси Қумқўрғон туман кенгаши раиси этиб сайланди. Бу қарор унинг фидокорона меҳнати, кенг қамровли ташаббуслари ва аъзолар манфаатларини амалий ҳимоя қилишдаги ташаббускорлигини яна бир бор тасдиқлади.

Сўнгги беш йил ичида Қумқўрғон туман касаба уюшмаси кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар меҳнаткашларнинг турмуш сифатига бевосита ижобий таъсир кўрсатгани қайд этилди. Жумладан, 43 нафар ходим учун санаторий йўлланмалари олиб берилган бўлиб, бу мақсадда 172,4 миллион сўм маблағ сарфланган.

Бундан ташқари, 76 нафар бола — касаба уюшмасига аъзо ташкилотлар ходимларининг фарзандлари соғломлаштириш оромгоҳларига юборилган. Бунинг учун касаба уюшмаси ва ота-оналар маблағлари ҳисобидан жами 24,4 миллион сўм йўналтирилган.

Кенгаш ташаббуси билан йил давомида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар, байрамлар, янги йил совғалари ва юбилей тантаналари учун молиявий маблағлар ажратиб келинмоқда. 2020 йилда 22,3 млн сўм, 2021 йилда 24,6 млн сўм, 2022 йилда 26,8 млн сўм, 2023 йилда 29,4 млн сўм, 2024 йилда 31,9 млн сўм ҳамда 2025 йилнинг ўтган даврида 14,9 млн сўм сарф этилгани бунга ёрқин мисолдир.

Спорт-соғломлаштириш тадбирларига ҳам жиддий эътибор қаратилиб, 2021 йилда 6,4 млн сўм, 2022 ва 2023 йилларда 8,6 млн сўмдан, 2024 йилда эса 10,2 млн сўм маблағ ажратилган.

Қийин аҳволга тушган касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ҳам фаол йўлга қўйилган. Хусусан, 2020 йилда 27 нафарга 15,1 млн сўм, 2021 йилда 39 нафарга 17,6 млн сўм, 2022 йилда 46 нафарга 19,7 млн сўм, 2023 йилда 49 нафарга 26,1 млн сўм, 2024 йилда 61 нафарга 34,6 млн сўм, 2025 йилнинг ўтган қисмида эса 14 нафар ходимга 10,4 млн сўм моддий ёрдам берилди.

Конференция якунларида Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Н.Химматова сўзга чиқиб, Ўзбекистонда касаба уюшма ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар, давлат ва жамият тараққиётида касаба уюшмаларининг ўрни ва таъсирини кучайтириш борасидаги дастурлар ҳақида делегатларга маълумот берди.

Қумқўрғон тумани касаба уюшмалари кенгашининг 2020-2025 йиллардаги фаолияти нафақат маҳаллий даражада, балки вилоят ва республика миқёсида ҳам ўз самарасини кўрсатди. Бу натижаларга эришишда Сурхондарё вилояти Кенгашининг ҳам катта ҳиссаси борлиги алоҳида таъкидламоқчиман. Вилоят Кенгаши ҳар бир тармоқ тизимидаги ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг Республика Кенгаши билан тузилган тармоқ жамоа келишувлари асосида жамоа шартномаларини ҳар бир ташкилот кесимида мукаммал равишда ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол қатнашди.
Шу тариқа, вилоят ва республика даражасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.
Камина учун ишонч — юксак масъулият

Камина учун ушбу сайловда яна бир муддатга раисликка сайланиш — бу шунчаки расмий натижа эмас, балки юракдан чиққан ишончнинг, тинимсиз меҳнатга берилаётган холисона баҳонинг юксак ифодасидир.

Ўтган беш йил ичида туманимиздаги касаба уюшма ташкилотлари билан биргаликда қатор амалий ишлар қилинди. Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун санаторий ва болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар, моддий ёрдамлар, маданий ва спорт тадбирлари ташкил қилинди. Бу рақамлар ортида инсонларга бўлган эътибор, меҳр ва хизмат турибди.

Энг муҳими — мен жамоамга, ташкилотимиз аъзоларига суянамиз, уларнинг фикри, тавсияси ва ишончи мен учун доим асосий устуворлик бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Бу ишонч менга янада улкан масъулият юклайди. Янги муддатда касаба уюшмаларининг таъсир кучини янада ошириш, ижтимоий ҳимоя механизмларини мустаҳкамлаш ва меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини янада самарали тарзда таъминлаш борасида янада кўпроқ меҳнат қилишга бел боғлаганман.

Камина бу ишончни оқлаш учун бор билимим, тажриба ва интилишимни сафарбар этаман. Биз биргаликда ҳали кўп эзгу ишларга қодирмиз. Шу йўлда барчангизнинг ҳамфикрлигингиз ва кўмагингиз доимий бўлишини тилаб қоламан.

Бобирмирзо Искандаров:

Ўзбекистон давлат муассасалари ва
жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси
Қумқўрғон туман кенгаши раиси