ЎСМИРлик даври шахснинг ижтимоий ва психологик ривожланишида муҳим босқич ҳисобланади. Бу даврда болаларнинг қадриятлари шаклланиб, уларнинг шахсий қарашлари, ижтимоий муомаласи ва хулқ-атворига таъсир кўрсатади. Айниқса, овқатланиш одатлари ва психологик ҳолат ўртасидаги ўзаро боғлиқлик соғлиққа таъсир этувчи муҳим омиллардан бири сифатида қаралади.
Замонавий тадқиқотлар ўсмирларда тажовузкорликнинг ўсиши ва зўриқиш даражасининг ошиши меъда-ичак тизими касалликлари билан бевосита боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда. Овқатланиш тарзи нафақат жисмоний саломатлик, балки эмоционал барқарорлик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Баъзи тадқиқотлар нотўғри овқатланиш ва микронутриент танқислиги агрессия даражасини оширишини ҳамда меъда-ичак муаммоларининг ривожланишига сабаб бўлишини таъкидлайди.
Ибн Сино таомланиш ва жисмоний фаолликмизожга мувофиқ келмаса, одам хилти таркиби бузилиб, унда ғайритабиийлик юзага чиқади деб ҳисоблаган. Ибн Сино назариясини амалий натижалар билан қиёслаб таҳлил қилганимизда, хилти табиий ҳолатдаги одам агрессивлиги бошқариладиган, ўзини ҳимоялаш учунгина қўлланиладиган чегарада бўлиши, ғайритабиий мизожли одам эса, ўзи бошқара олмайдиган даражадаги кучли агрессивлик шаклларини намоён қилиши кузатилди
М. Рокичнинг «Қадриятлар йўналганлиги» тест сўровномасидан фойдаланиб, 200 нафар ўсмирнинг индивидуал қадриятлари аниқланди ва уларнинг шахсий афзалликлари саломатлик ҳолати билан солиштирилди. Тадқиқот натижалари ўсмирларда саломатликка таъсир этувчи психологик ва нутриционал омилларни тушунишга ёрдам беради ҳамда профилактика чора-тадбирларини такомиллашатириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.“Қизиқарли иш” қадриятини 200 ўсмирдан 122 (61%) нафари танлаган ва бу қадриятга ўрта ҳисобда 18 имкониятдан 13 балл тўпланиб, тажриба иштирокчиларининг муҳим қадриятлари иерархиясида 4-ўринни эгаллаган. “Молиявий қийинчиликларсиз, таъминланган ҳаёт” қадриятини эса 200 ўсмирдан 50 (25%) нафари танлаган ва бу қадриятга ўрта ҳисобда 18 имкониятдан 11 балл тўпланиб, тажриба иштирокчиларининг муҳим қадриятлари иерархиясида 9-ўринни эгаллаган. Бу бир томондан, синалувчилар учун меҳнат жараёнининг қизиқарли бўлиши унинг моддий манфаатдорлигидан кўра муҳимроқ эканини, иккинчи томондан, улар молиявий қийинчиликларни енгиш масъулиятини тўлиқ ҳис этмаслигини билдиради. Молиявий масъулиятсизликнинг ҳам икки объектив сабаби мавжуд: бири ўсмирлар дунёқараши тўлиқ шаклланиб улгурмагани бўлса, иккинчиси, тажриба иштирокчиларининг тақрибан ярми қизлардан иборатлиги ва улардаги суст молиявий масъулият умумий натижага таъсир этганини келтириш мумкин.
Олинган натижалар шундан далолат берадики, нотўғри овқатланиш ва юқори зўриқиш даражаси ўсмирлардаги меъда-ичак касалликлари ҳамда тажовузкорликнинг ўсишига олиб келиши мумкин. Шу боис ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш учун комплекс ёндашув зарур. Бу жараёнда нутриционал тарбия, қадриятлар тизими асосида психологик қўллаб-қувватлаш ва зўриқишни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни жорийэтиш муҳим аҳамият касб этади.
Тадқиқот натижалари мактаб ва оилада ўсмирларга соғлом овқатланиш ва психологик барқарорликни таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарурлигини кўрсатади. Бундан ташқари, ўсмирларнинг қадриятлари, уларнинг шахсий устуворликлари ва соғлиқ ҳолатини мунтазам равишда таҳлил қилиш орқали индивидуал ёндашувлар ишлаб чиқилиши мумкин.
Сафаров Абдурашид Жураевич,
Тошкент давлат тиббиёт университети
Тиббий реабилитация,спорт тиббиёти,
халк табобати ва жисмоний тарбия
кафедраси ассистенти,
Ахмедова Дурдона Шакировна,
Тошкент давлат тиббиёт университети
Тиббий реабилитация,спорт тиббиёти,
халк табобати ва жисмоний тарбия
кафедраси ассистенти