Китоб ўқиётган одамлар ёки беш ташаббуснинг беш мингдан бир ҳикмати

Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи Бойпўлат Холиёров Қумқўрғон туманидаги 14-умумтаълим мактабига 120 та китоб совға қилди. “Шум бола”, “Болалик”, “Ўзбек халі эртаклари”, “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, “Лолазор”, Сетон Томпсоннинг жониворлар ҳақидаги ҳикоялари, Лев Толстойнинг болаларга бағишлаб ёзган асарлари, “Минг бир кеча”… Дурдона китоблар.
Бойпўлат Холиёров шу мактабни битирган. Шу мактабда қирқ йил ишлаган. Француз тилидан дарс берган. Ҳозир пенсионер.
Бу китоблар ўзига керак бўлмай қолгани учун туҳфа қилибдида деб ўйламанг. Қарасаки, жовонида бир китобларнинг ўзидан иккитадан, ҳатто учтадан бор экан. Ўша иккита-учтадан биттасини туҳфа қилипти. Уйида яна мингта китоби бормиш. Шунчалик бадавлат одам.
Буям етмагандай Бойпўлат Холиёров мактабнинг кутубхонасига келиб туради. Ҳали қатларидан босмахонанинг бўёқларининг ҳиди кетмаган китобларни ёздириб, ўқигани олиб кетади. Турмуш ўртоғидан улгу олиб Норсултон момо ҳам кутубхонага келади. Ўзбек Миллий Энцеклопедиясини варақлашни яхши кўради. Тарих китобларини, халқ достонларини кўпроқ ўқийди.
Қуш уясида кўрганини қилармиш. Фарзандлар ҳам, неваралар ҳам нуқул телевизорга ёки телефонга термилиб ўтирмайдилар. Китоб ўқийдилар.
-Бойпўлат домла бизни ўқитган,-дейди мактаб кутубхона мудири Хосият Аллаёрова.-Унинг дарсида қатнашмайдиган ўқувчи бўлмасди. Илмни миямизга қуйгандай қилиб дарс берарди Бойпўлат муаллим. Дарсида тиқ этган ортиқча шовқин эшитилмасди. Дарсига бошқа синфларнинг ўқувчилари ҳам кириб ўтиришарди. Ҳатто ўқитувчилар ҳам кириб ўтиришарди. Домланинг иккита шогирди бугун мактабимизда француз тилидан болаларга сабоқ бераяпти. Икковиям пешқадам ўқитувчиларимиздан.
Янгиқишлоқлик Бўри Ашуров деган етмиш ёшли одам ҳам кутубхонанинг фаол аъзоси экан. Бўри бобо ўрта маълумотли одам. Чилангар, тракторчи бўлиб ишлаган. (Айтишларича тракторни менман деган муҳандисчалик билармиш.) Касби тракторчилик бўлганиминан Бўри бобонинг диди анойи эмас. Унча-мунча китобни китоб демайди. Танлаб ўқийди. Роман ўқишга кўпроқ қизиқади. Кўзойнаксиз ўқийди. Ўқимай қўйсам, кўзларим хиралашиб бошлайди, қўл-оёқларим ҳам уюшгандай бўлиб қолаверади. Пиёда юриш одамга қанча қувват берса, китоб ўқиш ҳам шунча фойда беришига ишонаман дейди.
Бўри бобо ҳар йигирма кунда кутубхонага келади. Уйига учта роман олиб қайтади. Йигирма биринчи куни учовиниям кутубхонага олиб келиб топширади. Яна, албатта, учта роман китоб ёздириб олади. Абдулла Қодирийга, Ойбекка, Чингиз Айтматовга ҳамма ёзувчилардан зўр ёзувчилар деб баҳо қўяди. Толстойнинг “Кавказ асири”ни, “Тинч Дон”романини,Тоғай Муроднинг қиссаларини, қайта-қайта ўқиганман. Абдулла аканинг кўпгина шеърлари менга ёд бўлиб кетган. Яна ўқигим келаверади. Бирон ўзингизга таниш ёзувчига айтинг, бизнинг қишлоғимизнинг одамлари ҳақидаям роман ёзсин деб кулади.
Бўри бобонинг китоб ҳақида гурунглари зўр. Унинг айтишича китоб ўқишга қизиқиш бандасига иноят этилган ҳидоятлардан бири. Китоб ўқиш-ибодат. Қўлига китоб тутган одам қўлини эгри ишлардан тортади. Китоб кўнгилнинг фильтри. Тракторнинг мой фильтри ишламасин қани, мотор шақирдаб қолади. Трактор жойида тўхтайди. Одам ҳам шундай. Китоб ўқимаса одам турган ерида тўхтайди-қолади. Миянинг асаб толалари занглайди. Китоб юракни, мияни қуйқалардан асрайди. Тозалайди. Яхши китобнинг жони бор. Қоши-кўзлари, иссиқ юзли чеҳраси, сеҳри-синоати бор. Яхши китоб одамга дунёни яхши кўришни ўргатади. Дунёни яхши кўрган одам ишлаб чарчамайди. Мириқиб ухлайди. Ҳозир айримлар электрон китоблар ўқиётганмиш деб эшитаман. Майли, ўқисин. Ўқийверсин. Лекин ўзимизнинг бобоки босма китобга келадигани борми. Муқовасини очасан. Варақлайсан. Бетларини санайсан. Суратларига қарайсан. Муқовасидан, варақларидан, суратларидан ҳам ўзинг учун қандайдир маъно-мазмунларни ажратиб оласан. Қизиқ жойларини қайтариб-қайтариб ўқийсан. Ўқиганинг сайин ўқигинг келаверади. Китобнинг ичига кириб кетгинг келаверади. Китоб ҳам етмиш икки бўғинингга сингиб боравераётгандай бўлаверади. Қушдай енгил тортасан. Яшаргандай бўлиб бораверасан. Қандай мароқ. Қандай роҳат!
Эътибор беринг, бу собиқ тракторчининг гаплари!
-Кутубхонамизда ҳозир 3000 китоб бор. Лекин шуям камлик қилиб қолаяпти. Чунки ҳали бизга етиб келмаган китобларни сўраётганлар кўпайиб бораяпти. Шундайлар ўқувчиларнинг ичидаям кўпайиб бораяпти,-дейди Хосият Аллаёрова.- Яқинда анъанавий “Ёш китобхонлар”, “Энг яхши китобхон” кўрик-танловларини ўтказдик. 6-синф ўқувчиси Ярашева Парвина, Суюнова Гавҳар, 5-,7-синф ўқувчилари Абдиева Динёра, Абдиқодирова Дилнуралар жаҳон адабиётидан қўйилган саволларгаям яхши жавоб беришди. Бошланғич синфларнинг ўқувчиларининг китобга қизиқишлари ортиб бораётгани янаям яхши.
Ўтган йили ёзда шу мактабнинг собиқ ўқувчиси профессор Ҳасан Бўриев қадрдон даргоҳга бугунги ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари бўлмиш Эркин Аъзамов ва Усмон Азимовларни, маҳаллий ижодкорларни бошлаб келди. Азиз меҳмонларни ўқувчилар гулдасталар билан кутиб олдилар. Мактаб боғини тўлдириб учрашув ўтказдилар. Учрашув катта шеърхонлик анжуманига, адабиёт байрамига айланиб кетди. Бўриев кутубхонага 500 та китоб совға қилди.
Қарангки, шу тадбирнинг ўзидан сўнг ўқувчилар икки баравар кўп китоб ўқийдиган бўлишипти.
Мен кутубхонадан бешта китоб қўлтиқлаб чиқаётган бир ҳамқишлоғим билан саломлашиб қолдим. Бу гал у Бойпўлат Холиёров совға қилган китобларни танлапти. Бу китобларни излаб юрувдим. Энди маза қилиб ўқийман. Отасига раҳмат Бойпўлат домланинг деди у хазина топган мисол қувониб.
Олимжон УСАНОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист