Ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик кўрилди

«Бек Агро экспорт» МЧЖ ғаллачилик кластерида Қумқўрғон туманида 2022 йил ғалла ўрим-йиғими мавсумига техникалар тайёргарлиги бўйича семинар ўтказилди. Ғаллакорларнинг туман бўйича 8183 гектар ғаллазорда етиштирган мўл ҳосилини ўз вақтида ўриб-йиғиб, қабул пунктларига нес-нобуд қилмасдан етказиб бериш масаласи кўриб чиқилди.
Пишиб етилган ғалла ҳосилини уюшқоқлик билан ўриб-йиғиш мақсадида 8 та ўрим-йиғим отряди тузилди. 17 та юқори унумли комбайнлар бириктирилди. Шундан 10 таси Кейс, 6 таси Класс, 1 таси Виктор русумли ўрим-йиғим комбайнлари ҳисобланади. 136 та автотранспортларда ўриб олинган донлар қабул пунктларига етказиб берилади. Ҳар бир отряд учун техник хизмат кўрсатувчи автомобиллар ажратилди. Отрядларга тажрибали раҳбарлар бошлиқ бўлиб, улар қаторида ер тузувчи, ҳисобчи, Миллий гвардия, ички ишлар бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари фаолият юритади. ўрим-йиғимни белгиланган муддатда уюшқоқлик билан амалга ошириш учун озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Махсус дам олиш жойлари тайёрланди.
Ҳудудлар, отрядлар бошлиқлари ва аъзолари, ўрим-йиғимда қатнашадиган мутахассислар иштирокидаги семинарда вилоят ҳокими Тўра Боболов қатнашиб бу йил ғалла ҳосилини ўз вақтида сифатли йиғиштириб олиш бўйича белгиланган вазифаларни бажариш ҳақида атрофлича гапирди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Усмон Туропов ғалла ҳосилини топширишда бозор муносабатларини ривожлантириш, етиштириб, ўриб-йиғиб, қабул пунктларига етказиб берилган ғаллаларни бозор нархларида сотиш бўйича янгиликларни тушунтирди. Шунингдек, пахтани сифатли парваришлаш, ғўзаларнинг ўсиб кетмаслигининг олдини олиш, ўғитлаш, ҳосилга киришига эришиш, 10 октябргача пахта ҳосилини топшириш режасини бажариш зарурлиги ҳақида кўрсатмалар берди. Мутахассислар иштирокида кўрикка қўйилган комбайнлар ва техникаларнинг тайёргарлиги, яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Н. МУҲАММАДИЕВ