Бунёдкорлик касби умрга сайқал

Инсонларни қизиқтирган касб-ҳунарлар кўп. Уларнинг орасида қурувчилик касби аҳамияти ва фойдаси жиҳатдан кенг ўрин тутади. Чунки қурувчилар бунёд этган бинолар кўп йиллар аҳолига, жумладан ёш авлодга хизмат қилади. Эзгу ишларни рўёбга чиқаришга шарт-шароит яратади. Қумқўрғон тумани йиллар давомида бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани туфайли ривожланиб, замонавий кўринишга эга бўлди. Бу ишларда ҳозир «Навбаҳор» маҳалласида яшаб, кексалик гаштини сураётган Назарали Даминовнинг ҳиссаси катта. У 39 йил қурувчи бўлиб ишлади. Кўп янги биноларни қуриш ва таъмирлашда фаол қатнашди. Унинг ўз касби билимдони бўлганлигини, ҳалол меҳнат қилганлигини, қурилиш соҳасини ривожлантиришда фаол қатнашганлигини одамлар қониқиш билан эслайди. Бугун у кишининг ҳаёт йўллари, бунёдкорлик ишларидаги ибрати ҳақида мақоламизни сизга тақдим этамиз.
Назарали Даминов 1952 йил 15 апрелда туғилиб, 1958-1968 йилларда мактабда таълим-тарбия олди. Тенгдошлари қатори таълим-тарбиянинг кейинги босқичиларида билимини оширишга интилди. 1968-1973 йилларда Тошкент Политехника институтининг Қурилиш факультетида «Қишлоқ қурулиш инженерлик» мутахассислиги мақомини эгаллади. Албатта, олий таълим муассасасини битириб илк марта қурилиш ишларни бошлаган чоғлари ҳаётида бир умр сақланиб қолди. 1973 йилда Термиз туманидаги 1 кўчма қурилиш ташкилотига йўлланма билан ишга бориб қурилиш (мастери) устаси лавозимида меҳнатини бошлади. Биринчи марта қуриб битказган биноси Ангор шаҳар марказидаги 140 ўринли болалар боғчаси бўлди. Шундан сўнг бу туманда бирин-кетин янги мактаблар, боғчалар, уй-жойлар қуришда фаол ишлади.
1977 йил Қумқўрғон туманидаги Тоҳир Бойқобилов бошчилигидаги бош қурилиш бошқарувчиси лавозимига қабул қилинди. «Автобаза» шаҳарчасида мактаб, туман марказида тикувчилик биноси, уй-жой, марказий шифохона, С. Бойматов номли ва Беш қаҳрамон хўжаликларида маъмурий бинолар қурди. 1983 йил туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Қўйли Жумаев тавсиясига асосан С. Бойматов номли хўжаликдаги хўжаликлараро қурилиш ташкилотига бошлиқ этиб тайинланди. С. Бойматов номли хўжалик раиси Раҳмон Чориев, Н. Мирзаев номли хўжалик раиси Эшмўмин Остонақулов каби қурилиш соҳасига қизиққан раҳбарлар билан ҳамкорликда ишлади. Ўша пайтда бу хўжаликлар молиявий жиҳатдан бой эди. С. Бойматов номли хўжаликда 4-мактаб биноси, боғча, 400 ўринли маданият маркази, 200 га яқин уй-жой, Н. Мирзаев номли хўжаликда маъмурий бино, 400 ўринли маданият маркази, алоқа маркази, Боболочин маҳалласида уч қаватли мактаб, 9-мактаб биноси, 400 бош қорамолга мўлжалланган молхона, замонавий дала шийпонлари, қишлоқ амбулаторияси, 150 та уй-жой қуриб, ишга туширди. 1992-1997 йилларда Шўрчи туманидаги 1-кўчма механизациялашган жамламада фаолият юритди.
Ўша пайтдаги туман ҳокими Эшболта Шерматов ишбилармон, талабчан, иқтидор эгаси бўлиб қурилиш соҳасига раҳбарлик қилди. У кишининг бош-қошлигида туман тиш даволаш поликлиникаси, марказий касалхонада замонавий хирургия, терапия, болалар бўлимларини тез муддатда сифатли қилиб фойдаланишга топширди. 1997-2000 йилларда 565-МЧЖида бош муҳандис ва бошлиқ лавозимларида ишлаб, кўп қурилиш ишларини амалга оширди.
Бозор иқтисоди шароитида қурилиш соҳасига янгича иш усуллари жорий этилди. Таниқли туман ҳокими Нормўмин Чориев муносиб кадрларни топиб, иш билан таъминлашда фаоллик намуналарини кўрсатиб ишлади. 2001 йил туман ҳокимининг қарорига асосан 585-МЧЖ ташкил этилиб, унга Н. Даминов раис бўлди. Қурилиши режалаштирилган лойиҳалар тендер асосида муносиб қурилиш ташкилотларига берилар эди. Янги 585-МЧЖ бунёдкорлари вилоят тендерларида қатнашиб, лойиҳаларни ютуб олди. 4-мактаб биносини капитал таъмирлаш, Ўзбекистон жамоа хўжалигидаги мактаб биносини таъмирлаш ишларини тендер асосида олди. Таъмирлашларни вилоятда биринчи бўлиб қисқа муддатларда, сифатли бажариб, фойдаланишга топширди. 2009 йилда Боғаро маҳалласидаги катта мактаб биноси тендерга қўйилиб, вилоятдаги 21 та қурилиш ташкилотлари тендер савдосида қатнашди. Н. Даминов бошлиқ қурилиш ташкилоти тендерда ғолиб чиқди. 2010 йилда 77-мактаб биносини қуриб, вилоятда биринчи бўлиб ўз муддатида фойдаланишга топширди. Бу ишларда туман ҳокими ўринбосари Исмоил Айтемиров ва куратор Чори Қултоевнинг ёрдами қанот бўлди.
– Мен қурувчи эканлигимдан жуда бахтиёрман. Ўтган умримни ўйласам қанча-қанча уй-жойлар қурибман. Бу уйларда янги авлодлар дунёга келаяпти. Қанча-қанча мактаблар, боғчалар қурибман. Уларда давомчиларимиз – ёш авлодлар етишиб чиқмоқда. Улар бизнинг келажагимиздир, – деди моҳир бунёдкорларнинг узтози Н. Даминов.
Самимий, ширинсухан нуроний бу йил 70 ёшга кирди. У мазмунли умри, бунёдкор сифатида қурган бинолари ва таъмирлаш ишларидан қониқиб яшаяпти. Ёш авлодга ибратли ишлари билан ўрнак бўлаяпти. Қалбида барча ишлари учун муносиб мукофотни истаб орзу қилаяпти. Биз эзгу ишлари учун миннатдорчилик билдириб, орзуларига эришишига тилакдошмиз.
Н. МУҲАММАДИЕВ