Кеча, бугун ва эртадир

Халқимизнинг “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар” – деган ўгити бежиз айтилмаган. Ширин сўзимизга, муомила маданиятимизга қараб бизга баҳо беришади. Ўқитувчи деганда кўз олдимизга ширинсўз, иболи, ҳаёли сиймо келади. Таълим даргоҳидаги ўқувчиларнинг тақдири таълим-тарбия бераётган ўқитувчиларга бевосита боғлиқдир. Ўқитувчи фақат таълим берибгина эмас балки тарбия ҳам беради.
Ишчи гуруҳ аъзолари билан умумтаълим мактабларини ўрганишга чиқдик. Тумандаги 44-мактабга соат 14:00 да бордик. Кузги таътил бошланишидан бир кун олдин эди. Иккинчи навбатда ўқийдиган синфлар бўлсада мактабда ўқитувчилар ҳам ўқувчилар ҳам йўқ ҳолатга дуч келдик. Бу ҳолатга биз борган кунимиз гувоҳ бўлдик. Шунда савол туғилади: қолган ўқув кунларида ҳам ўқитувчилар шу ҳолатни такрорлашармикан? Ишчи гуруҳ аъзоларининг кейинги манзили 12-мактаб бўлди. Иккита-учта ўқувчи бир-бири билан тортишаётган жараёнга гувоҳ бўлдик. Дераза олдидан ўқитувчи индамасдан ҳолатни кузатаётган эди. Болаларга танбеҳ бериб, тартибга чақирдик. Дарс жараёни билан танишаётганимизда тортишаётган ўқувчиларни кузатиб турган ўқитувчининг дарси экан. Бизни обдон саволларга кўмиб ташлади? “Қўрққан олдин мушт кўтарар”,-деган гап ўз ўрнида айтилган. ўқитувчиларга хос кийиниш маданиятидан мутлоқо узоқ, ўқувчиларга бераётган таълим жараёни ҳам тарбия жараёни ҳам мутлоқо қониқарсиз ҳолатда.
“Кимки ҳаётдан олмаса таълим,
унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим”, – деган. Кўрган-кузатган, эшитган-билганларингиздан ҳикмат излайсиз. Ниманидир уқасиз, англайсиз. Ният-амалга яраша деган гап бор, ният хайрли бўлса, оқибат ҳам хайрли бўлади. Демак, бу ўқитувчимизда олган ҳикматдан ўзига фақат ёмон иллат пайдо қилиб олган экан.
“Ғурбат излаганга–ғурбат бу дунё,
Иллат излаганга–иллат бу дунё.
Ким нени изласа, топар бегумон,
Ҳикмат излаганга–ҳикмат бу дунё”.
Тирикчилик ташвиши – ҳаммамизга хос. Ейдиган таомимиз, киядиган кийимимиз, яшайдиган жойимиз қайғуси ҳеч бир тирик жонни четлаб ўтмаслиги аниқ. Буларни таъмин этадиган уч бирлик бор. Бу вақт, замон тушунчаси билан изоҳланадиган КЕЧА, БУГУН ва ЭРТАдир. Кечамиз биз таълим олган вақтимиздир. Бугунимиз – олган таълим – тарбиямиз орқасидан ўқувчиларга бераётган билимимиздир. Эртамиз эса – Тарбия қилган, таълим берган ўқувчиларимизнинг келажакда ўз ўрнини топганликларига гувоҳ бўлиб берган билимимиз мевасини ейишимиздир. Биз вақт измидамиз. Кўпинча унга масъуллигимизни ёддан чиқазиб қўямиз. Умрнинг қимматли лаҳзаларини беҳуда ўй-ташвишларга, икир-чикирларга сарфлаймиз.
Ана шу вақт бирлиги ҳар кимнинг ҳаётида ҳар хил из қолдиради. Булар ўтмиш, ҳозирги вақт ва келажак. Бири-бири билан боғлиқ. Бири иккинчисига, иккинчиси учинчисига замин ҳозирлайди. Биров “кеча” билан ғурурланса, яна биров бугунги куни билан, бошқа бири эса эртанги кунга умид билан яшайди.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА