Электр таъминотида меҳнат ютуқлари

Машаққатли касб эгалари бўлмиш электр энергияси ходимларининг фидойилик
билан қилаётган меҳнатлари туфайли юртдошларимиз хонадонлари ёруғ.
Ҳар йили 22 декабрь энергетикларнинг касб байрами куни сифатида нишонланади. Маъмурий бинолар, ишлаб чиқариш корхоналари, таълим-тарбия муассасалари, аҳолининг яшаш манзиллари электр энергияси билан чароғон бўлса хурсандчиликка хурсандчилик қўшилади. Қумқўрғон туман электр таъминоти корхонаси энергетиклари йил давомида бурчлари ва вазифаларини бажаришда меҳнат ютуқларига эришди. 99 нафар ишчи ходимлар туман бўйича 40599 та маиший истеъмолчиларга ва 2244 та улгуржи истеъмолчиларга электр таъминоти бўйича хизмат кўрсатди. Улар 15 та подстанция, 914 дона трансформатор пунктлари, 1622,84 километр ҳаво электр узатиш тармоқлари мунтазам равишда барқарор ишлаши учун техник хизмат кўрсатди.
Ҳозир соҳага янги замонавий масофадан бошқариладиган электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиб, электр энергияси сарфи ва тўловларни амалга ошириш яхшиланди. Аҳолига 40200 дона ва улгуржи истеъмолчиларга 2030 дона янги, компьютерлаштирилган электрон ҳисоблагичлар ўрнатилди.
2021 йилда «Обод қишлоқ» дастури бўйича Боймоқли ва Ҳуррият маҳаллаларида трансформатор пунктлари, янги темир-бетон таянчлар, электр ўтказгич симлар, тармоқлар ўрнатилди. Бундан ташқари тумандаги маҳаллаларда электр энергияси таъминотини яхшилаш учун ҳукуматимизнинг 2019 йил 15 октябрдаги 871-сонли қарори ижроси таъминланди. Каттакўл, Пахтаобод, Оқтом, Хўжақишлоқ, Ариқошган, Беш қаҳрамон, Нефтчилар, Янгиобод, Навбаҳор, Дўстлик, Мунчоқтепа, Боболочин, Азларсой, Халқобод маҳаллаларида трансформатор пунктлари, янги темир-бетон таянчлар, сим ўтказгичлар, ҳаво электр узатиш тармоқлари ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Энергетиклар 2021-2022 йилги куз-қиш мавсумида электр қурилмаларининг ишончли ишлашини таъминлаш учун мукаммал таъмирлаш ишларини ҳам амалга оширди. 0,4-6-10кВ ҳаво узатиш тармоғи ва трансформатор пунктлари зарур чоғда мукаммал таъмирланди.
Туман бўйича жами 55 та трансформатор пункти, 169,2 километр 0,4-10 кВ µаво электр узатиш тармоғида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. 9 дона янги трансформатор пункти қурилди. 8 дона трансформатор пункти реконструкция қилинди. 45,7 километр ҳаво узатиш тармоғида реконструкция ва 26,3 километр ҳаво электр узатиш тармоғида янги қурилиш ишлари амалга оширилди.
Туман электр таъминоти корхонасининг иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолининг фаровон яшашини таъминлашда улкан ҳиссаси бор. Замонавий технологияларни барқарор ишлатиш, фойдали меҳнат узлуксизлигига эришиш, аҳолининг бахтли, хурсанд яшаши кўп жиҳатдан электр таъминоти билан чамбарчас боғлиқ. Монтёр деган шарафли номни улуғлаб кеча-ю кундуз инсонларнинг хизматида бўлаётган, уларнинг чароғон ҳаёт кечириши учун билимлари ва тажрибаларини сарфлаётган электрикларни касб байрами билан самимий табриклаймиз. Ҳамиша умрингиз электр чироқларидек чароғон бўлсин. Бахт-иқболингиз доим кулиб ҳаётингизга қувонч ато этсин.
Сана муносабати билан туманимиз бўйлаб меҳнат қилаётган барча энергетика соҳаси ходимларини – монтёрлар, электриклар, муҳандислар, диспетчерлар соҳага дахлдор барча-барчани чин дилдан табриклаймиз!
Азиз соҳа ходимлари касб байрамингиз муборак бўлсин!
Халқ фаровонлиги йўлидаги эзгу ва хайрли ишдан асло чарчаманг!
Н. МУҲАММАДИЕВ