Қалбларда байрам шукуҳи

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг
ўттиз йиллик айёми муносабати билан
байрам тадбирида Қумқўрғон туман ҳокими
Р. Гаппаровнинг

ТУМАН АҲЛИГА ЙЎЛЛАГАН ТАБРИГИ

Ассалому алайкум ҳурматли туманимиз аҳли!
Азиз юртдошлар!
Бугун мамлакатимиз ҳаётида унутилмас тарихий сана, катта тантана. Халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз шодиёнаси – Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик байрамини “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” эзгу шиори остида шод-у хуррамлик билан нишонламоқдамиз.
Мана шундай шодумон дамларда Сиз азизларни, шу муқаддас заминда яшаётган барча юртдошларимизни ушбу қутлуғ айём билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ҳурматли юртдошлар!
қадрли Қумқўрғон туман ёшлари!
Бугун Мустақиллигимиз 30 ёшга тўлмоқда. 30 йил бир қараганда, ҳар қайси мамлакат ва давлат учун ўз олдига қўйган эзгу мақсадларига, юксак тараққиёт ва фаровон ҳаётга эришиш учун тарих ўлчовларида қисқа бир муддат. Лекин, шу давр мобайнида Она Ватанимиз – Ўзбекистонимизда янги ҳаёт, янги жамият, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш йўлида, ўзлигимизни англаш, миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизни тиклашда, халқимизнинг маънавий, сиёсий, ҳуқуқий онгини оширишда, бир сўз билан айтганда, ўзимиз учун, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт пойдеворини қуришда бу давр шак-шубҳасиз, асрлар давомида босиб ўтган масофага тенг бўлди десак ҳеч қандай хато бўлмайди.
Жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдан иборатдир.
Аҳоли, энг аввало, ёш оилалар, эскирган уйларда яшаб келаётган фуқаролар ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бошқа фуқароларнинг яшаш шароитини имтиёзли шартларда ипотека кредитлари ажратиш ҳамда шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уйлар қуриш орқали янада яхшилаш кўзда тутилган.
2017-2021 йиллар Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги бешта устувор йўналишни амалга оширдик. Улкан ғоявий ва бунёдкорлик ишлари натижасида аҳоли учун янги қулайликлар яратилганлигидан мамнун бўлдик. Шу жумладан «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айлангани, албатта, бежиз эмас.
Биринчидан, бугунги кунда барча бўғиндаги ҳокимлар, вазирлик ва идоралар, прокуратура, суд-ҳуқуқ ва ички ишлар органлари раҳбарлари, депутат ва сенаторлар бевосита жойларга чиқиб, ўз фаолияти бўйича халқ олдида ҳисобот бермоқда.
Маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганмоқда, уларни қонуний асосда ҳал қилиш учун амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Иккинчидан, биз иқтисодиётимизни модернизация ва диверсификация қилиш, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва шу тариқа жаҳон бозорида муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллашга асосий эътибор қаратмоқдамиз.
Шу мақсадда ўтган қисқа даврда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳалар амалга оширилиб, юқори технологияларни ўрнатишга эътибор қаратдик. Замонавий корхоналар барпо этилаётгани, янги иш ўринлари ташкил қилинаётганини таъкидлаш лозим.
Бугунги ва эртанги тараққиётимиз бевосита боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришда анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, деҳқонлар даромадини кўпайтирадиган, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни етиштиришга инвестициялар жалб қилинаётгани сизларга яхши маълум. Мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади» деган тамойилдан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимизда ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш учун янги имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Энг муҳими, бу соҳа минг-минглаб фуқароларимиз, аввало, ёшларимиз учун ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиш, эл фаровонлигини оширишда мустаҳкам замин бўлаётгани барчамизни хурсанд қилади.
Азиз юртдошлар!
Бугун биз амалга ошираётган улкан ишларимизга қараш билан бирга бутун жаҳонда, энг асосийси, биз билан чегарадош бўлган қўшни ҳудудларда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан сабоқ ва хулоса чиқаришимиз, нотинч ва мураккаб дунёда яшаётганимизни доимо чуқур англаб етишимиз, буюк мақсадларимизга эришиш учун ҳушёр ва огоҳ бўлиб, азму-шижоат билан ўз танлаган йўлимизни давом эттиришимиз зарур. Зероки, ушбу она заминни жаннатга қиёслаб азиз ва муқаддас Ватанимизни асраш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Бугун эл-юртимизнинг ният ва орзулари, интилиш ва ҳаракатлари, ўз олдига қўйган аниқ мақсадлари бор. У ҳам бўлса Она Ватанимизнинг энг аввало, сарҳадлари дахлсизлиги, ҳаётимиз барқарорлигини, миллатлараро тотувликни, динлараро бағрикенгликни асраб-аввайлаш ва янада мустаҳкамлаш, тинч ва осуда ҳаётимизга таҳдид солаётган халқаро терроризм, диний экстремизм, наркобизнес, одам савдоси каби бало-қазоларни остонамизга мутлақо яқин йўлатмаслик;
– Ён атрофимизда учраб турадиган бепарволик ва лоқайдликдан воз кечиб, замон шиддати олдида бўш келмасдан, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий соҳаларда бошлаган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва охирига етказиш;
-Буюк аждодларимиз асрлар давомида яратган беқиёс маънавий ва маърифий меросимизни, миллий қадриятларимизни, анъана ва урф-одатларимизни янада бойитиш, уларни ривожлантириш, фарзандларимизни етук инсонлар қилиб вояга етказиш, уларнинг бахти ва камоли учун ҳеч нарсани аямаслик – давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий устувор вазифаси бўлиб қолиши айниқса муҳимдир.
Мен, энг мўътабар қадриятимиз – ёши улуғ кексаларимизнинг хизматини қилиб, уларнинг дуосини олиш, ота-оналаримизнинг ҳурмат эҳтиромини жойига қўйиш, уларни қадрлаш, бир-биримизга меҳр-оқибат ва мурувват кўрсатиш каби халқимизнинг азалий фазилатлари барчамизга ҳамиша ҳамроҳ бўлишини истардим.
Жонимиздек азиз тумандошлар, ҳурматли меҳмонлар!
Бугун эл-юртимиз Мустақиллик байрамини ҳам катта шод-у хуррамлик, шукроналик билан кутиб олишди. Албатта, бу улуғ байрамнинг ўзига хос чуқур ва рамзий маъноси бор. Мана шу имкониятдан фойдаланиб, сиз, азизларни ана шу айём билан яна бир бор самимий табриклайман. Шу юксак минбардан туриб, барча ютуқларимиз, буюк келажагимиз ижодкори ва бунёдкори бўлган мард ва олижаноб, меҳнаткаш ва танти халқимизни, нуроний отахон-онахонларимизни, эндигина ҳаёт деб аталмиш даргоҳга қадам қўяётган жондан азиз фарзандларимни байрам билан яна бир бор муборакбод этаман.
Бугунги улуғ айём кунларида қалбимдаги энг эзгу тилакларимни мужассам қилиб айтмоқчиман.
Бетакрор Ватанимиз равнақи йўлида садоқат билан хизмат қилишдан ҳеч қачон толмайлик, чарчамайлик!
Барчамизга, жонажон юртимизнинг камолини, фарзандларимиз ва набираларимизнинг бахт-у иқболини кўриш насиб этсин!
Ўзбекистонимиз доимо гуллаб-яшнасин!
Ҳамиша юртимиз тинч, юртбошимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!