Ёз ҳарорати ғаллазорни қиздирса-да ғалла ўрим-йиғим ишлари қизғин амалга оширилмоқда. 2 та Класс Доминатор русумли ғалла комбайннинг овози янграб, бошоқларда пишган ғаллани ўриб, тозалаяпти. Бункерларда тўпланган донлар автомашиналарга тўкилаяпти. Пешма-пеш туман Дон қабул қилиш масканига олиб борилиб, топширилаяпти.
Ғаллазорда ўрим-йиғимни сифатли ташкил этиш учун сафарбар этилган мутахассислар, уларга амалий ёрдам берувчиларнинг иш вақти қизғин паллада. ўзларига топширилган вазифаларни қисқа муддатларда бажариб, мўл ризқи-рўз хирмони бунёд бўлишига ҳисса қўшмоқда. 46-11 отряд раҳбари, таниқли мутахассис Б. Искандаров ташкилотчилик намуналарини кўрсатаяпти. Об-ҳавонинг иссиқлигига қарамасдан ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, 2 та комбайн, 9 та автотранспортларнинг маромида ишлаши, хизмат кўрсатиш тизими ходимларининг фаол меҳнат қилиши учун бошчилик қилмоқда. Барча куч ўрим-йиғимга қаратилган. Ёқилғи-мойлаш материаллари дала бошига етказилаяпти.
Юсуф Раҳмон, Севинч Бахтигул фермер хўжаликларида ғалла ўриб-йиғилиб, туман Дон қабул қилиш масканига топширилди. Б. Абдуғаффоров бошлиқ “Азиза-Асал-Жасмина” фермер хўжалиги ғаллакорлари бу йил 46 гектар майдонда “Таня” ғалла навини парваришлади. Ғаллакорлар Б. Райимов, Н. Ражабов, М. Хўжақулов бу қишлоқ хўжалиги экинини агротехника талаблари асосида парваришлашда фаол қатнашди. Ҳозир ўрим комбайнлари ҳар куни гектаридан 48-50 центнердан ҳосилни ўриб-йиғмоқда. Айниқса комбайнчилардан А. Абдуғаффоров, М. Қултоев комбайнларни маҳорат билан бошқариб, кунлик суръатда карвонбошилик қилаяпти. Улар бу фермер хўжалигининг 143 тонналик шартнома режасини тез кунда бажариши учун астойдил интилаяпти.
-Мен ўрилган ғаллани дон қабул қилиш масканига пешма-пеш ташиётган автотранспорт ҳайдовчиси ёнидаги назоратчиман. Ғаллани нес-нобуд қилмасдан, талон-тарожликка йўл қўймасдан олиб бораяпмиз. Бу фермер хўжалигида ғалла бошоқлари бўлиқ, дон яхши. Шунинг учун ғалла хирмони ҳам мўл бўлаяпти, – деди назоратчи М. Хидиров.
Ички ишлар, миллий гвардия, ёнғин хавфсизлиги бўлимлари ходимлари даладаги элнинг ризқи-рўзини сифатли ўриб-йиғиб топшириш жараёнларида ўз вазифаларини сидқидилдан бажараяпти. Барчанинг чеҳрасида ҳосилдан завқланишни, ўз ҳиссасидан қониқишни кўриш мумкин. Бундай гўзал манзара бўлиқ бошоқлари шовуллаётган ғаллазорга, мўл хирмон тўплаётган фермерга, ғалла ўрим-йиғимида фаол қатнашаётган барча инсонларга ярашади.