Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

Муҳтарам юртдошлар! Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, жонажон юртимизга, барча мўмин мусулмонлар қатори сиз-у бизларга Рамазон ойи муборак бўлсин. Рамазон ой давомида ҳам жисмонан, ҳам руҳан чиниқиб, сабр ва шукр фазилатларини ўзимизда ҳосил қилайлик.
Ҳар йили бўлгани каби бу йил ҳам “Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Муҳтарам Презедентимизнинг қарорлари, биз мусулмонларга Юртбошимиз томонидан кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиром деб биламиз. Ҳозирги пандемия даврида биз албатта Рамазон ойини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда миллий анъана ва қадриятларимизга мос равишда ўтказамиз.
Дарҳақиқат, биз Рамазон ойи давомида имон ва ихлос ила кундузлари улуғ рўза ибодатини адо этиш билан бирга тунлари Аллоҳнинг каломи Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтига муяссар бўлайлик. Зеро, имон ва Қуръон Аллоҳ таоло сизу биз мўмин мусулмон бандаларига ато этган энг буюк неъматидир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик) ларидан яхшироқдир”. (Юнус сураси, 58-оят).
Бу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинаётир. Бири – фазлу карами, яъни Ислом дини. Иккинчиси – раҳмати, яъни Қуръони карим. Ҳадиси шарифда айтиладики, кимга Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлса-ю, у камбағалман деб нолиса, Аллоҳ таоло то қиёмат кунигача унинг икки кўзи ўртасига (пешонасига) фақирлик тамғасини босиб қўяди. Уламоларимиз айтадиларки, Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига ушбу улуғ ибодат ва байрамларни жорий қилишида катта ҳикмат бор. Жумладан, мусулмон киши беш вақт намозни жамоат билан ўқиш учун масжидга келар экан яқин қўшни ва маҳалладошларининг аҳволидан бохабар бўлади.
Ушбу муборак ойи кунларида яқинларимизнинг ҳолидан хабар олиш билан бирга атрофимиздаги шикаста кўнгил кишиларни зиёрат қилиш, уларга хайру саховат улашишнинг ҳам ажру мукофоти улуғ эканлиги борасида Аллоҳ таоло қуйидагиларни таъкидлаб айтади:
“Сиздан (эй Муҳаммад) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар! Ҳар қандай қилган эҳсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир”. (Бақара сураси, 215-оят).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар, очларга таом беринглар, қарздорларга қарзларини узишда ёрдам беринглар” (Имом Бухорий ривояти).
Бемор ва касалманд киши ҳақига қилинадиган дуо борасида Пайғамбаримиздан қуйидагича ҳадис ворид бўлган:
Беморга айтиладиган сўзларидан: “Ҳечқиси йўқ, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади”, – деб айтиш (Имом Бухорий ривояти).
Шу каби сўзлар билан беморларнинг кўнглига хурсандчилик киритиш исломдаги эзгу амаллардан ҳисобланади.
Муҳтарам юртдошлар! Рамазон ойини юртимизда аҳил-иноқликда, кўтаринки руҳ билан ўтказайлик. Юртдошларимиз савоб ишларнинг бошини тутиб, меҳр-мурувват кўрсатсинлар, кексаларнинг ҳолидан хабар олсинлар, эзгу ишларда бардавом бўлсинлар. Энди ушбу анъанани ва касб этган хайрли амалларимизни йил бўйи давом эттиришимиз керак. Ночор ва заифларнинг, муҳтож ва кам таъминланганларнинг жамият зиммасидаги ҳақларини ёдга туширишдир.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчаларимизга муборак айласин!
А. ХАИТОВ,
“Шоҳ Машраб” жоме масжиди ноиб имоми