«Ёш мерганлар» спорт мусобақаси

МК “Ватанпарвар” ташкилоти Қумқўрғон туман ўқув спорт техника клубида Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи кубоги учун “Ёш мерганлар” спорт мусобақаси ўтказилди.
Мусобақа ўқ отиш спорт турини ривожлантириш, ёшларни бу спорт тури билан шуғулланишига кенг жалб этиш, уларни баркамол инсон ва ватанпарвар руҳда тарбиялаш мақсадида амалга оширилди. Ҳаво милтиғидан ўқ отиш секциясидаги тир хонасида туман халқ таълими бўлимига қарашли 48 та умумтаълим мактабларининг ўқувчилари туман босқичида қатнашди. Ҳар бир мактаб жамоаси таркибида 18 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар шахсий биринчиликда машқларни бажарди. Тажрибали мутахассислар иштирокчиларнинг ҳаво милтиғидан ўқ отиб нишонга текизишда кўрсатган натижаларини баҳолади.
Якуний хулосага кўра, ўғил болалар ўртасида 76-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси М. Мамазиёев фахрли биринчи ўринга лойиқ натижага эга бўлди. 33-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси Ж. Ҳасанов фахрли иккинчи ўриндан, 1-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси И. Нормуродов фахрли учинчи ўриндан жой олди. Қиз болалар ўртасида 1-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси К. Чориева энг кўп очко тўплаб ғолиб чиқди. Ундан 3 очко кам тўплаган 19-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси М. Эшбоева фахрли иккинчи ўринни банд этди. 42-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси З. Бобохонова фахрли учинчи ўринни эгаллади. Умумжамоа ҳисобида энг кўп балл олган мактаблар ҳам аниқланди. Бунда 1-сонли умумтаълим мактаби жамоаси фахрли биринчи ўринга лойиқ деб топилди. 76-сонли умумтаълим мактаби жамоаси фахрли иккинчи ўринга, 52-сонли умумтаълим мактаби жамоаси фахрли учинчи ўринга муносиб натижа кўрсатди. Фахрли 1, 2, 3 ўринларни эгаллаган спортчилар ва жамоалар Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи ва МК “Ватанпарвар” ташкилоти Қумқўрғон туман ўқув спорт техника клубининг дипломлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
О. ЖУМАЕВ,
«Ватанпарвар» ташкилоти туман ўқув спорт техника клуби бошлиғи