Қаҳва

Ўқиш тамомланганидан 10 йил ўтиб, кўплаб ютуқ ва муваффақиятларга эришган бир гуруҳ талабалар учрашишга қарор қилишди ва ўзларининг собиқ раҳбари бўлмиш бир профессорнинг уйига ташриф буюришди.
Суҳбат чоғида барча собиқ талабалар ўз иш жойларидаги кучли босим ва асабийлик ҳолатларидан нолий бошлашди. Вазият оғирлигини пайқаган профессор шогирдларига бир пиёладан қаҳва ичишни таклиф қилди.
Ҳамманинг розилигини олгач, профессор ошхона томон йўл олди ва қўлида катта баркаш тўла идиш билан қайтиб келди. Баркаш устида ҳар хил дастали пиёлалар кўзга ташланарди: чинни, шиша, биллур… Aйримлари қимматбаҳо, нафис ва бежирим, бошқалари эса оддий ва кўримсиз идишлар эди.
Шунда профессор ҳамма ўз-ўзига хизмат қилишини буюрди. Хунук шиша идишларга ҳеч ким назар ҳам ташламади, аксинча, барча меҳмонлар чиройли чинни ва биллур пиёлаларни афзал кўришди. Барчасини кузатиб турган профессор шундай деди:
«Сездингизми, оддий ва арзон шиша идишларга ҳеч ким қўл ҳам тегизмади… Ўзи учун энг яхшисини раво кўриш табиий ҳол, албатта. Лекин сизни ташвишга солаётган муаммоларингизнинг асл илдизи ҳам мана шунда.»
Орада қисқа вақт танаффус қилди-да, яна гапини давом эттирди:
«Aслида пиёла қаҳвага ҳеч қандай таъм ва лаззат бахш этмайди. У оддийгина идиш, холос. Aхир, сизлар қаҳвани истадингиз, пиёлани эмас, шундай эмасми? Лекин сизлар онгли равишда гўзал идишлар томон талпиндингиз.»
«Ҳаётимиз қаҳва кабидир. Мансаб, шуҳрат, бойлик, жамиятдаги ўрнимиз эса идишдек гап. Буларнинг барчаси — бори-йўғи бир восита, ҳаётимизни ушлаб тургувчи бир буюм холос. Шундай экан, бу буюмнинг кўриниши, тури ҳеч ҳам бизнинг ички дунёмиз сифати ва мамнунлигимизни белгилаб бермайди. Биз идишга бор диққатимизни қаратсак, ичидаги қаҳвамиздан роҳатлана олмаймиз.»
Аслида, энг бахтли инсон бўлиш учун дунёдаги жамики энг сара нарсаларга эгалик қилиш шарт эмас. Энг бахтли инсонлар ўзларида борини энг яхшисига айлантира оладилар. Оддий яшанг, жон-дил билан севинг, одоб билан муомала қилинг. ўз қаҳвангиздан лаззат олинг.