Ҳамид Олимжон – Бахт ва шодлик куйчиси

Шодлик йўлга бошлади мени,
Бахтиёрлик бўлди одатим.
Шоир бўлиб, шодлик ва бахтни,
Куйламоқлик зўр саодатим.
Ўзбек халқининг атоқли фарзанди, дилбар шоир, иқтидорли драматург ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон ўзидан ўлмас ва ўчмас мерос қолдирган. У ўзбек адабиётида жўшқин лиризмга асосланган шеърият мактабини яратган шоирдир. Айни кунларда Ҳамид Олимжон таваллудининг 111 йиллиги бутун Республикамиз бўйлаб барча таълим муассасаларида кенг ва кўтаринки руҳда нишонланмоқда.
Шу жумладан, туманимиздаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам «Ҳамид Олимжон-Бахт ва шодлик куйчиси» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ўқувчилар адибнинг серқирра ижодий мероси, залворли асарлари, такрорланмас шеърияти ва бетакрор таржималари ҳақида сўз юритдилар. Шоир ижодига мансуб  «Ўрик гуллаганда», «Энг гуллаган ёшлик чоғимда» шеърлари ўқувчилар томонидан куйланди ва бу қўшиқлар тадбир қатнашчиларига жуда манзур бўлди. Шу жумладан, шоирнинг «Ўрик гуллаганда» шеърининг ёзилиш тарихига назар ташласак 1937 йилнинг март ойида Ҳамид Олимжон Ўзбекистон ҳукумат делегатцияси таркибида Қозоғистонга борган. Бу пайтда Олма-Ота қалин қор гилами остида, чирсиллама қиш ҳавоси билан нафас олаётган эди. Шунинг учун ҳам март ойининг сўнгги кунларида Тошкентга қайтган шоир ўз ҳовлисидаги бир туп ўрикнинг чаман бўлиб очилиб турганини кўриб, илҳом оғушига ғарқ бўлади.
Деразамнинг олдида бир туп,
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…
Адибнинг келажакда етук шоир, драматург, таржимон, танқидчи, давлат ва жамоат арбоби бўлиб етишишида онаси Комила аянинг ўрни беқиёсдир. Негаки Комила ая бўлажак шоирга кўплаб эртаклар, ривоятлар айтиб берган ва шоир қалбида адабиётга меҳр уйғотган.
Тақдир ҳукмига кўра эрта вафот этган, бироқ бу қисқа умр мобайнида жуда катта ижодий мерос қолдирган Ҳамид Олимжон адабиётга ошно қалблар қалбида яшайди. Чунки, унинг беғубор ҳисларга тўла шеърлари  халқимизнинг меҳнати, ғайрати тасвирланган ҳикоя-ю достонлари ажойиб таржималари ўзининг бетакрорлиги, соддалиги, халқчиллиги билан ажралиб туради.
Уйғун айтганидек, ижодкорни ҳеч иккиланмасдан бахт ва шодлик куйчиси дея таъриф этсак бўлади. Шоирнинг деярли барча шеърларида бахт ва шодлик мавзуси акс этган.
Қувонч шулким
                 толе ёр бўлиб,
Бахтни топган
               элни кўролдим.
Асрларнинг қайғусин
                             қарғаб,
Шодлик ва бахт
               куйини чалдим.
          Муҳайё ТЎХТАЕВА,
1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси