Ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ҳамда оилавий сири, шаъни ва қадр-қиммати ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ҳозирги вақтда процессуал кодексларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилиши кўрсатилган. Бироқ, қонунчиликда бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган. Шу муносабат билан ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш зарурияти юзага келмоқда.

 “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2025 йил 26 сентябрдаги ЎРҚ-1084-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни шу муносабат билан қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар томонидан уларни суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига 60-модданинг тўртинчи қисмида, била туриб ёлғон хулоса берганлик, ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун эксперт Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238, 239-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлиши, 64-модданинг бешинчи қисмида, таржимон била туриб нотўғри таржима қилганлик, ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238, 239-моддаларига мувофиқ жиноий жавобгар бўлиши, бу ҳақда у суд томонидан тилхат олиб огоҳлантирилиши, 208-моддада, ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилганда ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олиниши, тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилиши тўғрисида ва бошқа ўзгартирилишлар киритилган.

Мазкур қонун билан шунга ўхшаш ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси ЖПК, ИПК, МСИЮтКларига ҳам киритилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 239-моддаси ўзгартирилиб, «239-модда. Суриштирув, дастлабки тергов ёки ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилиш

Суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг рухсатисиз, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик мажбурияти ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан уларни ошкор қилиш», деб янги таҳрирда баён этилган.

Ушбу Қонун суд процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотлари ҳамда тафсилотлари ошкор этилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон

туманлараро судининг судьяси Каримов Жаҳонгир Тўймуротович