Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.
“Камолиддин” савдо маркази раҳбари К.Кучкинов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилиб, ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам беришни сўраган.
Мурожаатда Ангор туманидаги бозор ҳудудида бир нечта савдо дўконлари бузилганлиги бироқ, 7 йилдан буён компенсация тўловларини ололмаётганлигини билдирган.
Бош прокуратура томонидан К.Кучкиновнинг мурожаати вилоят прокуратурасига назоратга олинган холда юборилган ва вилоят прокурори томонидан келтирилган тафтиш протестига асосан Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича тафтиш судлов ҳайъатида иш кўриб чиқилиб, Ангор тумани ҳокимлигидан даъвогар «Камолиддин» савдо марказига 455.557.718 сўм компенсация пули ундириш ҳақида қарор чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори Мавлонов Санжар Абдирахимович