Ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг қисқача мазмун-моҳияти

1. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (¤РЈ–743-сон, 11.01.2022 й.) Президент томонидан имзоланди. Шунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилди:
– ўсимликлар карантини объектларига ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишга доир фитосанитария талабларини ҳамда бошқа қоидаларни карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, реализация қилиш ва йўқ қилиш чоғида бузиш – фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (810 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача);
– карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузиш – фуқароларга БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
2. “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 245-8-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ–744-сон, 11.01.2022 й.) Президент томонидан имзоланди.
Қонунга кўра, қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишлар Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Вакил) ва унинг девони ходимлари томонидан кўриб чиқилади: жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (тадбиркорлар мурожаатлари қисмида) (43-модда); ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш (тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмида) (200-2-модда); хусусий мулк ҳуқуқини бузиш (241-1-модда); тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш (241-2-модда); тадбиркорлар фаолиятини ва (ёки) уларнинг банк операцияларини қонунга хилоф тўхтатиб туриш (241-3-модда); тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш (241-4-модда); имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш (241-6-модда); тадбиркорлар ҳисобварақларида пуллари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф талаб қилиб олиш (241-8-модда); тадбиркорлардан қонунчиликни бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш (241-10-модда).
Вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима қўллашга унинг ўринбосарлари ва Вакил девони бош инспекторлари ҳақли. Ушбу Қонун эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
3. «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги (ЎРҚ–745-сон, 12.01.2022 й.) Президент имзоланган Қонун билан гидрометеорология фаолиятини тартибга солиш тартиби белгиланди. Гидрометеорология хизмати ушбу фаолиятдаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Гидрометеорологик ахборот (атроф табиий муҳит ҳолатининг кузатувлари натижалари) очиқ ва ишончли бўлиши керак. Гидрометеорология хизмати давлат органларини, жисмоний ва юридик шахсларни иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги ахборот билан таъминлайди. Бунда умумий гидрометеорологик ва тезкор гидрометеорологик ахборотлар Гидрометеорология хизматининг расмий веб-сайтига ва Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилади.
4. “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–81-сон, 12.01.2022 й.) қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади. Бунда рейтинг баҳолаш қуйидаги 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади: давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва амалиётга татбиқ этилганлиги; коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бґйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги; давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги; ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги; коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.
Рейтинг баҳолаш тизими 2022 йил 1 февралдан бошлаб, эксперимент тариқасида, ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилотлари фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади. Рейтинг баҳолаш “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали ташкил этилади. Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланади.
5. “Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–80-сон, 12.01.2022 й.) қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Кўзи ожиз, кўришда нуқсони бўлган ва босма ахборотни идрок этишда бошқа жиҳатдан қобилияти чекланган шахсларнинг нашр этилган асарлардан фойдаланишини енгиллаштириш тўғрисидаги Марокаш шартномасига (2013 йил 27 июнь, Марокаш) қўшилди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мазкур халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.
Р. СУЛТАНОВ,
туман Адлия бўлими бошлиғи