ЖАМОАТ ТАРТИБИНИ САҚЛАНГ

Фуқаролик жамиятида яшаб белгиланган тартибларга риоя қилиш ҳар бир инсоннинг бурчи. Ораста кийиниш, маданиятли муомала, яратилган қулайликлардан тўғри фойдаланиш ана шундай тартибларнинг сирасига киради. Акс ҳолдаги таассуротларни уйғотиш, ўзгаларнинг осойишталигини бузиш, ён атрофдагиларнинг тартибга чақиришларини менсимаслик ёмон оқибатларга олиб келади. Бундай ноўрин хатти-ҳаракатлар қора курсида жавоб беришга сабаб бўлади.

Р. С. исми-фамилияли шахс 2020 йил 11 апрелда соат 00:10 атрофида уйида 500 грамм ароқ билан бир литр пиво спиртли ичимлигини истеъмол қилди. Маст ҳолатда карантин қоидаларига амал қилмай, ниқобсиз ҳолда ўз ҳожатини чиқариш учун Қумқўрғон туманидаги “Оқсой” маҳалласи ҳудудидаги “Шоҳ Машраб” жомеъ масжиди дарвозаси олдига келди. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, ҳеч бир сабабсиз уятли сўзлар билан сўкиниб, бақириб жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бузди. Майда безорилик содир этди.

Қумқўрғон туман маъмурий суди Р. С.нинг Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий ишни кўриб чиқди.  Суд мажлисида туман ИИБ ХПБ ТП профилактика инспектори А. Ш. мазкур ҳолат, айбланувчига нисбатан маъмурий баённома тузганлигини маълум қилиб, кўрсатув берди. Суд ҳуқуқбузарга жазо тайинлашда жиноий ишни ҳар томонлама муҳокама қилди. Оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни, ҳуқуқбузарнинг айби бўйича тўпланган далиллар асосида тўлиқ тасдиғини топганлигини, маъмурий содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг хусусиятини, маъмурий жазо чорасига тортилгандан сўнг бир йил мобайнида яна ўша хилдаги ҳуқуқбузарликни содир этганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароитини инобатга олди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрь кунидаги “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 35-сонли қарори талабларига риоя қилган ҳолда ҳуқуқбузарга нисбатан юқорида ёзилган моддаларга асосан жарима ва қамоқ жазолари ҳамда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 34-моддаси 2-қисмига асосан узил-кесил оғирроқ 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Шу ўринда ўйлаб қоласан, киши. Бу ҳуқуқбузарлик кутилмаганда, тўсатдан содир бўлдими ёки йиллар давомида шаклландими деган савол пайдо бўлади. Уйда спиртли ичимликларни истеъмол қилиш аввалдан шаклланган, оила аъзолари бефарқлик қилган. Қолаверса, теварак-атрофидаги, у ёки бу ердаги ҳамтовоқлари ҳам юртдошини ширакайфликдан қайтармаган, балки маънавий қўллаб-қувватлаган. Агар халқимизнинг азалий урф-одатларига кўра, оқ ароқнинг қора қилмиши тўғри тушунтирилганда, фуқаро уларнинг гапига қулоқ тутиб, спиртли ичимликларни ичишни ташлаганида ҳуқуқбузарликни содир этмаган, оқибатда жазоланмаган бўларди. Эзгу ишларни бажарган, хушмуомала, самимий гапирадиган инсон ҳаётида адашмайди. Атрофидагиларнинг ҳурматига лойиқ бўлиб, хурсанд яшайди.

Т. ТАЖИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди девонхона мудири