Аждодлар ва авлодларнинг бош манбаси

Асосий қонунимиз ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мустақил давлатимизнинг бош Қомуси. Унинг мазмуни маъноли, инсон тафаккурини ривожлантириб фаолиятини бошқаришида йўлчи юлдуз вазифасини бажараяпти. Соҳалар бўйича вазифалар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллий-ҳудудий тузилиши, бошқарув усули, устувор ғоялар тушунарли тарзда баён қилинганлиги билан юртдошларимизнинг эътиборини ўзига жалб этади.
Ҳар бир давлатнинг ўз Конституцияси бўлгани каби мустақил Ўзбекистоннинг улуғвор бош қомуси мавжуд. Бундан қалбимиз фахр-ифтихорга тўлди. Бу ҳужжатнинг тайёрланиши, қабул қилиниши жараёнларидаги ақл-заковат, изланишлар, жўшқин меҳнат самараси дилларга эзгулик, ёруғлик, орзулар рўёбига ишончни солганлигини яхши эслаймиз. Халқни янги Конституциядаги вазифаларни бажаришга жалб этишда раҳбарлик салоҳияти юқори бўлди. Улар кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишларини бажарди. Матбуот нашрларида: газеталар ва китобда Конституциямиз тўлиқ нашр қилиниб, аҳолига етказилди. Кўргазмали воситаларда, маънавий-маърифий тадбирларда яққол ифодаланди. Инсонларнинг тафаккурида сиёсий, иқтисодий, маънавий, маърифий ислоҳотлар, туб ўзгаришлар ҳақида тушунча ривожланди. Комил инсон вояга етиб, жамиятни ривожлантирувчи ишончли юртдошларимизнинг фаолиятидан, эришган натижаларидан хурсанд бўлдик.
Ҳозир амалга оширилаётган ишларнинг кўлами ошди. Аввалгига нисбатан кўп ютуқ қўлга киритилмоқда. Бу эзгу ишларнинг асосида конституцион ҳуқуқлар ва бурчларга содиқлик, мавжуд қонунлар ва билимларда ифодаланган вазифаларни амалга ошириш турганлигидан фахрланамиз.
Албатта йиллар ўтди. Кадрлар алмашди. Устозларнинг иш ўрнида издошлари ишлаяпти. Улар учун ҳар доим Конституциянинг устуворлиги юқори аҳамиятга эга. Бош Қомусимиз янги ўзгаришлар ва қўшимчалар билан тўлдирилаверади. Янгиликлар узлуксиз равишда ҳаётга тадбиқ этилаверади. Жамият ғояларига собитқадамлик, янгиликларга интилувчанлик, илғор тажрибаларни амалга жорий этиш авлодларнинг вазифалари ҳисобланади. Инсонларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, кадрларга яхши муносабат, ҳурмат-иззат ҳамда тажрибали, билимдон, ютуқларга эришаётган мутахассисларнинг ишлашига тўсқинлик қилмасдан давомийлигини сақлаш каби кўпгина назариянинг амалга ошишига муносиб ҳисса қўшишлари зарур.
Умуман олганда Конституцияни яхши билган одам белгиланган вазифаларни тўғри амалга оширади. У ижтимоий ҳаётда, кундалик турмушда кўп ютуққа эришиб, ўзи ва бошқаларни қувонтиради. Жамиятимиз узлуксиз равишда ривожланади.
Н. МУҲАММАДИЕВ