Муқаддас ватан ҳимоясида

Ҳарбий ватанпарварлик туйғуси яхши ривожланган ёшларнинг ҳарбий хизматга меҳри баланд бўлади. Улар жисмоний жиҳатдан кучли, мард, жасур, қўрқмас, чаққон ва уддабурон фазилатлари билан тенгдошларидан ижобий фарқ қилади. Ҳозир Қумқўрғон тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи лавозимида хизмат қилаётган, подполковник унвонига эга Худойбердиев Бекзод Авазбекович ёшлигидан ана шундай қобилиятлари билан эътиборга тушди. У ҳарбий хизматга меҳр қўйганлиги учун ҳарбий олий таълим муассасасида ўқишга киришни танлади. Бунинг учун юртимизда шарт-шароитлар етарли. Давлатимиз ёшларга ғамхўрлик кўрсатиб, зарур шароитларни яратиб бермоқда.
Б. Худойбердиев 1999 йилда орзусига эришиб Тошкент Олий Умумқўшин Қўмондонлик билим юртига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Ҳарбий хизматга тааллуқли билимлар ва кўникмаларни ўрганиб, билим юртини 2003 йилда битирди. Унинг хизмат фаолияти Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлар билан чамбарчас боғланди. Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмда кичик командир сифатида ҳарбий хизматни бошлади. Денов туманидаги ҳарбий қисмда ҳам йигитлик бурчини шараф билан бажарди. Унинг кейинги фаолияти мудофаа ишлар бўлимларида давом этиб, Қуролли Кучлар сафини мард ва жасур, қўрқмас ва иқтидорли ёшлар билан таъминлаш тизимида кечди. Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани, Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида мудофаа ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида бурчлари ва вазифаларини бажарди. 2014 йилда Андижон шаҳри мудофаа ишлари бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди. Ҳозир бир неча йилдан буён Қумқўрғон тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи.
2021 йилда унинг бошчилигидаги туман мудофаа ишлар бўлими ходимлари белгиланган режа асосида муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни туман чақирув комиссиясида тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиб, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга жўнатди. Шунингдек, туман ҳудудида яшовчи чақирилувчиларни сафарбарлик чақирув резерви хизмати бўйича пул тўлаш қобилиятига эга бўлган ёшларни пул бадал тўловларини тўлиқ тўлатди. Уларни белгиланган режа асосида ҳар ойнинг бошида Жарқўрғон туманида жойлашган Какайди қўрғонидаги 520-СЧР батальонига ўз вақтида юборди. Туман ҳокими туман мудофаа ишлари бўлими инфратузилмасини ўзгартириш ва ходимларга шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратди. Хоналар учун гиламлар, янги намунадаги мебеллар билан таъминлади. Туман мудофаа ишлари бўлими хизматчилари Юқори қўмондонлик томонидан режалаштирилган ўқув машғулотларида қатнашди. Ўзларига берилган вазифаларни тўлиқ бажарди.
Б. Худойбердиев ҳарбий олий таълим муассасасини битиргандан буён 19 йилдирки ўз мутахассислиги бўйича турли лавозимларда юқори жанговар тайёргарлиги ва билимдонлигини намоён қилди. Унинг эришган натижаларини давлатимиз раҳбари, олий бош қўмондон муносиб тақдирлади. «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил» кўкрак эсдалик нишони билан мукофотлади. Бу тумандошларимизни чексиз қувонтирди.

Н. МУҲАММАДИЕВ