Кутубҳона-маънавият ва маърифат ўчоғи

Муҳтарам Президентимиз яқинда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказиб муҳим вазифаларга эътиборимизни жалб қилди. Йиғилишда ўртага қўйилган устувор вазифалар ахборот-кутубхона маркази фаолиятига ҳам тааллуқли. Чунки кутубхона маънавият ва маърифат уйғунлашган, инсонларни қизиқтирган билимларни ўрганишга шарт-шароитлар яратилган маскан.
Улуғ мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавият юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”. Китобга ошно кишидан ҳеч вақт ёмонлик чиқмайди. Китоб ўқишдан мақсад – унга сингдирилган маъно-мазмунни қалбан ҳис қилиш ва маънавий озуқага эга бўлишдир. Фарзандларимизни китоб ўқишга даъват этишимиз билан бир қаторда уларга келгуси ҳаётда комил ва етук инсон бўлиб вояга етишларида китоб мутолаасининг аҳамияти тўғрисида тушунчаларни ўргатишимиз лозим.
Туманимиз аҳолиси ҳамда ёшларимиз бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, уларни турли соҳаларга оид янги адабиётлардан фойдаланишлари учун туман ахборот-кутубхона маркази фаолият юритмоқда. Бунда кутубхонанинг Абонентлар ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими, ахборот-библиография бўлими, ахборот-коммуникациялар технологияси бўлими ҳамда фондни тўлдириш, сақлаш ва уларга ишлов бериш бўлими фойдаланувчиларга хизмат кўрсатмоқда. Ахборот-кутубхона маркази бўлим хизмат раҳбарлари З. Аннаева, И. Алимназаров, Ш. Жўраева, кўчма кутубхона етакчи мутахассиси М. Ҳусанова “Маънавият соати” тадбирида фаол қатнашиб, аҳолини кутубхонага жалб қилиш мақсадида маърузалар ўқияпти.
Китобхонларга анъанавий ҳамда онлайн тарзда хизмат кўрсатилаяпти. Ижтимоий тармоқларда иккита расмий канал ва битта группа фаолият юритаяпти. Электон почта, Facebook, Youtube, Instagram, Twitter, Telegram саҳифаларида кутубхона фаолияти, ўтказилаётган тадбирлар ёритилмоқда.
Ахборот-кутубхона маркази 20558 дона китоб фондига эга. Қумқўрғон туман ҳокимининг 2020 йил 15 декабрдаги 02720133-сонли йиғилиш баённомаси асосида АКМ фондини янада бойитиш мақсадида тумандаги ташкилотлар иштирокида 6000 дона китоб билан таъминлаш учун “совға акцияси” ўтказилмоқда. Азиз китобхонлар, ахборот-кутубхона марказига ташриф буюриб, ўзингизни қизиқтираётган маълумотлар ҳамда турли мазмундаги адабиётлардан фойдаланишларингиз мумкин.
З. ҲАКИМОВА,
Ахборот-кутубхона маркази услубчиси