Муддати чексиз сут маҳсулотлари

Жамиятимизда тадбиркорларга кенг йўл очилишига қарамасдан айрим ҳолларда тўқликка шўхлик қилиш, белгиланган талабларни меъёрида бажарилмаётганлиги  кузатилмоқда. Бозор иқтисодиёти усулида ишлаш, маҳсулотларни етиштириш билан бирга қайта ишлаб тайёр маҳсулотларга айлантириш жорий этилганлигига кўп йил бўлди. Халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун чет элдан илғор замонавий технологияларни олиб келиб ўрнатишга шарт-шароитлар яратилди. Шунинг учун тадбиркорлар мавжуд қулайликлардан фойдаланиб янги технологияларни келтириб ўрнатмоқда. Маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун рухсатнома олиши, белгиланган меъёрларни бажариб, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаши керак.

Туманимизда сут маҳсулотларини қайта ишлаб кифер, қаймоқ, сметана, творог ишлаб чиқараётган тадбиркорлар маҳсулотларини савдо дўконларига тарқатаяпти. Замонавий дўконларда меҳнат қилаётган тарбиркорларнинг хилма-хил, ранг-баранг маҳсулотларни олиб сотаётганлигини кўриб мамнун бўлмоқдамиз. Агар маҳсулотларнинг ёрлиғи, сифати билан яқиндан танишсак хурсандчилигимиз узоққа чўзилмайди. Тадбиркорларга маҳсулотларини ишлаб чиқаришда амал қилиши шарт бўлган талабларни эслатишга тўғри келмоқда. Ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқарган маҳсулотларини тўғридан тўғри савдога чиқармасдан, ўша ердаги техник назорат бўлимига топшириши, бу бўлим ходимлари ўз навбатида назоратдан ўтказиб, истеъмол учун яроқли деб ҳисобласа тегишли муҳр билан тасдиқлагач савдо дўконларига чиқарилиши керак. Маҳсулотлар ёрлиғида ишлаб чиқарувчининг номи, манзили, телефон рақами, маҳсулотнинг таркиби билан бирга маҳсулотни ишлаб чиқариш санаси, яроқлилик муддати ҳам очиқ, ойдин қайд этилиши зарур. Харидорлар ёрлиқдаги ёзувни ўқиб керакли ахборотларни билади. Маҳсулот сифат ва санитария-гигиена талабларига жавоб берса истеъмолчиларнинг саломатлиги сақланади. Акс ҳолда овқатдан заҳарланиш, энг мудҳиш ҳолат ботулизм заҳри қотилга учраб ҳаёти хавф остида қолади. Ҳатто ўлим юз беради. Шу нуқтаи назардан харидорларнинг саломатлигини ўйлаб туманимиздаги савдо дўконларида сотилаётган сут маҳсулотларини журналист кузатувидан ўтказдик. Савдо дўконларининг гўзал кўринишдалиги, замонавий қурилиш хом ашёлари билан қурилганлиги ва жиҳозланганлиги кўзларни қувонтираяпти. Ҳар хил русумдаги совутгичларга сут маҳсулотлари қўйилиб, сотилаяпти. Маҳсулотлар орасида Тошкент шаҳридаги Зангиота, Учтепа туманларидаги тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳам бор. Бу маҳсулотларни қўлга олиб, ёрлиқда кўп маълумотларни, ишлаб чиқарилган санаси ўрамдалиги ва пластмасса бутилканинг қопқоғида саналар ёзилганини ўқиш мумкин. Термизда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг қопқоғида ҳам сана ёзилган. Бироқ улар қаторида маҳаллий тадбиркорларнинг савдога чиқарилган маҳсулотларининг ёрлиқларида камчиликлар борлиги таажжубланарли, ҳатто ташвишли. Маҳсулотлар ёрлиқларида Қумқўрғон тумани Дўстлик маҳалласи Ҳамза кўчаси 42/25 уй «Samarazilolshams» хусусий корхонаси ва Қумқўрғон тумани «Baraka Milk 777» MCHJ ёзувларини ўқиб ўзимизнинг туманда ҳам сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилганидан хурсанд бўлдик. Яқин жойдаги янги маҳсулотларнинг яроқлилиги кафолатланиши, истеъмол қилинса мазалиги орзиқтирди. Аммо, ёрлиқлардаги ёзувлар етарлича эмас. «Samarazilolshams» хусусий корхонасида кефирга қўйилаётган ёрлиғи лотин алефбосидаги ўзбек тилида ва крилл алефбосидаги рус тилида босма ҳарфлар билан ёзилган. Сақлаш ҳимояси, намлиги, соф оғирлиги, ёғлилик даражаси, углеводлар каби қатор маълумотлар ўқилаяпти. Бирок «Срок годнисти» деб рус тилида ёзилган жойда оппоқ тўрт бурчакли очиқ бўшлиққа дуч келдик. Маҳсулотнинг қачонгача истеъмолга яроқлилиги кўрсатилмаган. Ёрлиқнинг юқори  қисмида «всегда свежее» яъни ҳамма вақт асл ҳолда деган маънодаги ёзув ҳам шубҳали туюлаяпти. «Baraka Milk 777» MCHJ томонидан ишлаб чиқарилган «Zo`R» номдаги қаймоқ маҳсулоти ёрлиғида маҳсулот таркиби қаторида яроқлилик муддати 7 кун деб ёзилган. Бироқ ишлаб чиқарилган санаси деб ёзилган жойда оппоқ тўрт бурчакнинг ичи бўм-бўш. Шу икки ишлаб чиқарувчининг барча сут маҳсулотларидаги ёрлиқларда шундай камчиликларга йўл қўйилган.

Бундай маҳсулотлар «Барака савдо мужмуаси»даги № 1 озиқ-овқат дўконида, Аср № 4 маркетда, шу савдо қаторининг Трансбанкка яқин бурчагидаги дўконда, деҳқон бозорига боришда икки қаватли янги дўконлар қаторидаги Samsung-7 дўкони ёнидаги озиқ-овқат дўконида сотилаяпти. Қумқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори МЧЖ ҳудудидаги пештоқига Colgate market ва Flash chergu деб ёзилган иккита озиқ-овқат дўконида, арзон маҳсулотлар сотиладиган озиқ-овқат дўкони ва унинг ёнидаги озиқ-овқат дўконида ҳам савдога қўйилмоқда. «Осиё 777» савдо биносидаги «Чико» дўконида, туман почтаси рўпарасидаги савдо дўконида бемолол савдо қилинаяпти. Ибн Сино кўчасидаги ОРТОМ нархларда мини маркет (Бу давлат тилида ёзилмаганлиги танқид қилинганди. Ҳозиргача пештоқдаги ёзув ўзгартирилмаган) ва яна бир мини  маркет дўконларида ҳам маҳаллий тадбиркорлар ишлаб чиқарган кефир, қаймоқ, сметана маҳсулотлари совутгичларга қўйилиб сотилаяпти. Уларнинг ёрлиқларида умуман яроқлилик муддат кўрсатилмаган. Ишлаб чиқарувчиларга Давлат назорати ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими тизимлари томонидан берилган иккита сертификат бўлса маҳсулотлар ишлаб чиқариши мумкин. Акс ҳолда қалбаки маҳсулотлар ишлаб чиқарган бўлиб, ёрлиғидаги камчиликлари ҳам шундан келиб чиққан деб қаралади. Мутасаддилардан ушбу ҳолат бўйича изоҳ беришларини кутиб қоламиз.

                Н. МУҲАММАДИЕВ