Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриладиган ишларда даъво баҳоси оширилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда одил судловдан фойдаланиш имкониятларини оширишга ва суд жараёнларини мақбуллаштиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга судлар ишини янада мақбуллаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1142-сонли 2026 йил 30 апрелдаги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини соддалаштирилган тартибида кўриб чиқиш учун асос бўлувчи даъвонинг баҳоси оширилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан юз бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса эллик бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.
Олдинги таҳрирга кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги кўрсатилган эди.
Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — юз бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.
Олдинги таҳрирга кўра эса, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги кўрсатилган эди.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши одил судловдан фойдаланиш имкониятларини оширишга хизмат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон
туманлараро судининг судьяси
Каримов Жаҳонгир