2025 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармоннинг қабул қилинишидан асосий мақсад мамлакатимизда конституциявий назорат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, Конституциявий суд фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини кучайтириш ҳамда Конституциявий суднинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ролини янада оширишдан иборатдир.
Ушбу Фармонга асосан Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
а) фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил судловга эришиш, уларнинг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш;
б) фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (шикоятлари)ни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва оворогарчиликларни бартараф этиш;
в) Конституциявий суд ваколатларини кенгайтириш орқали ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан конституциявий назорат ўрнатиш;
г) конституциявий суд ишларини юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали Конституциявий суд фаолиятида шаффофликни ошириш.
Шунингдек, Конституциявий суднинг конституциявий шикоят институти самарадорлигини ошириш ва суд ҳимоясини таъминлаш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича, а)муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилиши суд ҳужжатини ўрнатилган тартибда қайта кўришга; б) муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини судда тегишли иш бўйича иш юритувини тўхтатишга асос сифатида белгилаш ҳақидаги таклифлари маъқулланган.
Шу билан бирга, Фармонга асосан 2027 йил 1 августдан бошлаб Конституциявий суд фаолиятига “E-KSUD” ахборот тизими синов тариқасида жорий этилиши ҳамда Конституциявий суд фаолиятига оид бошқа ташкилий масалалар белгиланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон
туманлараро судининг судьяси: Ж.Т.Каримов