Cуд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда очиқ ва ҳалол суд тизимини шакллантиришга қаратилган муҳим ҳужжат имзоланди

Суд хокимияти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоялашнинг марказий таркибий қисми ҳисобланади. Судлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини учун ҳуқуқий ҳимоянинг таъсирчан воситаларини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини бузувчиларни жавобгарликка тортиш, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ ҳар қандай шахсга нисбатан ишнинг судда адолатли кўриб чиқилишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Жорий йилнинг 08 июн куни аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш кафолатларини янада кучайтириш, судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш, шунингдек, суд тизимида 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон қилинган “фавқулодда ҳолат”дан келиб чиқадиган вазифаларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида юртбошимиз томонидан “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Мазкур фармонга асосан судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, замонавий комплаенс назорат тизимини жорий этиш орқали коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш, суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш жараёнини шаффоф тартиб-таомиллар ва очиқ танловга асосланган тарзда ташкил этиш, уларнинг салоҳияти, иқтидори, касбий сифатлари ҳамда алоҳида хизматларини одилона ва ҳаққоний баҳолаш (меритократия) асосида касбий ўстириш, суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суднинг нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг кўмакчисига айлантириш каби вазифалар белгиланди.
Олий суд ҳузуридаги Комплаенс назорат хизмати Фармонга мувофиқ, суд аппаратида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, баҳолаш ва уларни бартараф этиш билан шуғулланувчи мустақил механизм яратилмоқда. Эндиликда Олий суд ҳузурида Комплаенс назорат хизмати ташкил этилади.
Мазкур хизматнинг вертикал тузилмасини шакллантириш мақсадида Олий суд аппаратида 3 та штат бирлиги, ҳудудий судларда эса 15 та комплаенс инспектори лавозими жорий этилади. Бу инспекторлар жойларда коррупцияга қарши курашиш чораларининг ижросини назорат қилади.
Бундан ташқари, Комплаенс назорат хизмати ходимларига юклатилган вазифалар доирасида суд аппарати ходимларининг одоб-аҳлоқи ҳамда хизмат вақтида ва хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини тутиши, умумэътироф этилган одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиши билан боғлиқ масалаларда хизмат текширувларини ўтказиш ваколати берилади.
Суд аппарати ходимлари учун қатъий мажбуриятлар ва янги тақиқлар Фармон билан суд аппарати ходимлари ва судьяларнинг масъулиятини ошириш мақсадида бир қатор чекловлар яъни ходимларнинг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни автоматлаштирилган тарзда қабул қилиш ва таҳлил қилиш тизими йўлга қўйилади.
Коррупциявий жиноятлар содир этгани учун илгари судланган шахслар суд аппаратига ишга қабул қилинмайди. Шунингдек, суд ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳамда чет эл банкларида ҳисобварақ очиш ёки хорижда мол-мулкка эгалик қилиш қатъиян тақиқланади.
Буни қарангки, судларда коррупциявий хавф-хатарларни олдини-олиш каби қоидаларнинг Фармонда акс эттирилиши ҳалқни судга бўлган ишончини оширишга қанчалик хизмат қилишини кўришимиз мумкин.
Фармон билан 2026 йил якунига қадар номзодларнинг шахсий ва касбий фазилатлари, шу жумладан, уларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини ҳаққоний баҳолаш имконини берувчи очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини жорий этиш. Бунда малакали кадрларни жалб этиш ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиришнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланишни назарда тутиш; инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантиришда рақамли технологиялар, шу жумладан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда вакант лавозимларни эълон қилиш, номзодларни саралаш, танлаш ва ишга қабул қилиш жараёнларини рақамлаштиришга мўлжалланган “vacancy.sud.uz” портали ҳамда суд тизимида ходимлар билан ишлаш ва кадрлар маъмурчилигининг замонавий услубларини жорий этишга қаратилган “SudHR” электрон платформасини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда суд аппарати ходимларининг касбий маҳорати ва касб билан боғлиқ чақириқларга бардошлилиги, аҳиллик ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантириш, янгиликларга мослашишига қодир жамоани шакллантириш, судларга олий юридик маълумот ва илмий салоҳиятга эга бўлган кадрларни жалб қилишда республиканинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйиш таъминланиниши назарда тутилган.
Бу эса суд тизими учун юқори малакали судья ва суд аппарати холимларини тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга, малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишдаги қатор устувор мақсадлар белгилаб берилганлигини ажралиб туради.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки, Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур Фармон тизимда изчил татбиқ этилаётган одил судловни таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланиб, давлат ва жамият судьяликка муносиб номзодларни танлаш, судьяларнинг малакасини ошириш янги босқичга кўтарилишига, юртимизда юқори малакали, ҳалол ва адолатли судьялар корпусини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилаб қуйилган аниқ мақсадли йўналишлар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишига, судларда коррупциявий хавф-хатарларни барвақт олдини олишга ва уларни бартараф этишга хизмат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича
Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси А.А.Акрамов