Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Суд тизимининг очиқлиги, шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган ушбу ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида судлар фаолиятида инсон омили, қонун устуворлиги ва адолат тамойиллари устувор аҳамият касб этмоқда. Хусусан, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келаётган низоларни қонун асосида ҳал этиш орқали ишбилармонлик муҳитини янада соғломлаштиришга эришилмоқда.
Шу жиҳатдан, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судида ҳам иқтисодий муносабатлар соҳасида вужудга келаётган низоларни ҳал этиш, тадбиркорлар ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқали одил судловни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, суднинг ташкилий таркиби ва фаолият доираси:
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди 2 нафар судьядан иборат таркибда, яъни 1 нафар суд раиси ва 1 нафар судья иштирокида фаолият юритиб келмоқда. Суд томонидан Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ ҳамда Қумқўрғон туманларидан келиб тушаётган иқтисодий низолар, даъво аризалари ва бошқа тоифадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси талабларига мувофиқ мазмунан кўриб чиқилмоқда.
Кўриб чиқилган ишлар таҳлили:
Жорий йил давомида суд томонидан жами 7 329 та иқтисодий иш кўриб тамомланган бўлиб, шундан 3 та суд буйруғи чиқарилган. Суд ишларининг катта қисми аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайлик яратиш мақсадида сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг сони 5 578 тани, яъни 76,1 фоизни ташкил этди.
Кўрилган ишлар натижаси қуйидагича:
7 068 та иш (96,4%) қаноатлантирилган,
144 та иш (1,96%) қаноатлантириш рад этилган,
46 та иш (0,63%) кўрмасдан қолдирилган,
71 та иш (0,97%) бўйича иш юритиш тугатилган, шундан 49 таси тарафлар ўртасида келишув битими тасдиқланиши асосида якунланган.
Низолар тоифалари бўйича кўрсаткичлар юзасидан кўриб чиқилган ишлар мазмунан таҳлил қилинганда:
корпоратив муносабатларга оид низолар – 2 та,
маъмурий-ҳуқуқий муносабатларга оид – 5 901 та,
ташкилот ва фуқароларнинг банкротлигига оид – 448 та,
фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга оид – 801 та,
ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ – 176 та ишни ташкил этган.
Айни вақтда суд иш юритувида 87 та иқтисодий иш қолдиқда мавжуд.
Қонунбузилишларга муносабат ва ишларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича суд томонидан таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 2025 йил давомида айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 97 та хусусий ажрим ҳамда 5 та тақдимнома чиқарилиб, қонун устуворлигини таъминлашга эришилган.
Мурожаатлар билан ишлаш ва очиқлик:
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судида фуқаролар ва тадбиркорлар билан мулоқот қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2 та сайёр қабул ҳамда 114 та суд биносидаги қабул орқали жами 116 та мурожаат қабул қилиниб, улар белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ҳамда жойлардаги Халқ қабулхоналаридан келиб тушган 7 та мурожаат ҳам ўз вақтида ўрганилиб, мурожаат муаллифларига асослантирилган жавоблар берилди.
Суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш:
Суд қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ўртасида имзоланган Қўшма кўрсатма асосида давлат бюджети ва ундирувчилар фойдасига чиқарилган суд ҳужжатларининг ўз вақтида ижро этилиши устидан доимий назорат ўрнатилган.
Хулоса қилиб айтганда, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди томонидан амалга оширилаётган ишлар суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда одил судловга эришиш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Қумқўргон туманлараро
иқтисодий судининг раиси Х.Абраев
Қумқўргон туманлараро
иқтисодий судининг судьяси Т.Усмонов