Янги Ўзбекистон — янги суд тамойили ҳақида

Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Шу билан бирга «Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармони билан  2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси бунинг яққол мисолидир.

Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

Инсон қадрини улуғлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

Одил судлов сифатини тубдан ошириш;

Суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш;

Судьялар ҳамжамиятини шакллантириш, судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш, ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

Суд жараёнлари ва суд қарорлари юзасидан жамоатчилик орасида тўғри ва холисона фикрни шакллантириш;

Суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш;

Судларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

Судларда коррупцияга қарши курашиш;

Халқаро ҳамкорлик;

Суд ҳокимиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш.

Асосий йўналишларидан бири сифатида суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш назарда тутилган.

Термиз туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси Казиева Зарина Рахматовна