Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, шунингдек судларда юкламани камайтириш мақсадида низоларни муқобил ҳал этиш механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай муҳим институтлардан бири сифатида медиация амалиётга татбиқ этилди ва қисқа вақт ичида ўз самарадорлигини намоён этмоқда.
Медиация — низолашаётган томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни суддан ташқари тартибда, нейтрал учинчи шахс, яъни медиатор иштирокида ҳал этишнинг ихтиёрий усули ҳисобланади. Ушбу институтнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган бўлиб, унда медиациянинг асосий тамойиллари — ихтиёрийлик, тенглик, махфийлик ва томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланган.
Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришлардан бири шундаки, медиация фуқаролик, иқтисодий ҳамда айрим тоифадаги маъмурий низоларни ҳал этишда қўлланилиши мумкин. Шу билан бирга, судлар томонидан ишларни кўриб чиқиш жараёнида ҳам тарафларга медиация тартибида келишувга эришиш имконияти тушунтирилади ва зарур ҳолларда бу жараён учун вақт берилади. Бу эса низоларни судгача бўлган босқичда ҳал этиш имкониятларини кенгайтиради.
Шуни таъкидлаш лозимки, илгари медиатив келишув шартларини бажариш тарафлар учун мажбурий этиб белгиланган бўлсада, бироқ уни ихтиёрий бажармаган тарафга нисбатан фақатгина судга даъво тартибида қайтадан мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд эди.
Унга кўра медиатив келишув тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги иш медиатив келишув тузган манфаатдор тарафнинг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилиши белгиланди.
Натижада, медиатив келишув медиация жараёнининг якуний натижаси ҳисобланиб, уни тузган тарафлар учун том маънода мажбурий аҳамиятга эга бўлди. Бу эса ўз навбатида медиация натижаларининг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлади.
Шу билан бирга, медиация институтининг самарали ишлаши учун профессионал медиаторлар корпусини шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Сўнгги йилларда медиаторларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Медиаторлар нафақат ҳуқуқий билимларга, балки музокара олиб бориш, психологик ёндашув ва низоларни бошқариш кўникмаларига ҳам эга бўлиши лозим.
Келгусида медиация институтини янада ривожлантириш учун уни қўллаш доирасини кенгайтириш, электрон медиация механизмларини жорий этиш, шунингдек халқаро тажрибани миллий амалиётга мослаштириш муҳим аҳамият касб этади. Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, медиация низоларни ҳал этишнинг энг самарали ва мақбул усулларидан бирига айланган.
Хулоса қилиб айтганда, медиация институти Ўзбекистон Республикасида замонавий ҳуқуқий тизимнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Унинг изчил ривожланиши суд юкламасини камайтириш, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ва жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Хасан Абраев,
Сурхондарё вилояти судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси