Катта кўл маҳалласида сайёр қабул

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш бўйича  секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир  қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ” ги қарори асосида барча сектор раҳбарлари аҳолининг  ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганиш мақсадида  сайёр қабуллар ўтказиши белгилаб қўйилган.
Бугун туманимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ деган эзгу ғояни ҳаётга тадбиқ этиш борасида тизимли  ишлар олиб борилмоқда. Жойларда туман ҳокими томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар шулар жумласидандир.  Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокими Р. Гаппаров “Катта кўл” маҳалласида аҳоли билан сайёр қабул ўтказди. Қабулда сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этишди. -Кўп вақтдан буён  “Кўганли” маҳалласи ҳудудидан  ақлли бекат  қуришни режалаштириб юрган эдим. Бугун туман ҳокимининг сайёр қабули ўтказилишини эшитиб қабулга келдим. Қилган мурожаатим асосида туман ҳокими ер ажратилиши бўйича амалий ёрдам беришини айтди. Тадбиркорликни ривожлантиришда қилган бундай эътибордан  кўнглим кўтарилди. Маҳалламизнинг ривожланишида оз бўлсада ўз ҳиссамни қўшаётганимдан кўнглимда ўзгача ифтихор пайдо бўлди,- дейди Ҳасанов Абдимурод.
– Маҳалламиздаги 43-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар сиғими кўплигидан навбат билан ўқишга қийинчилик туғилаётган эди. Бугунги қилган мурожаатим бўйича туман ҳокими Р.Гаппаров ва сектор раҳбарлари мактаб биносини бориб ўрганишди. Ўқувчиларнинг  бекам-у кўст таълим олишлари учун қўшимча бино қурилишида ёрдам кўрсатишларини айтишди, дейди – О. Абдураҳмонов. Сайёр қабул давомида  фуқароларнинг  ижтимоий ёрдам, электр таъминоти, газ, ички йўллар  каби масалалар бўйича  мурожаатлари тингланди. Мурожаатларнинг қарийб 30 фоизи  жойида ҳал этилди. Муддат талаб этилувчи муаммоларнинг бартараф этилиши юзасидан туманнинг тегишли  мутасадди ташкилот ва идораларига топшириқлар берилди. Сайёр қабулда тушган мурожаатларнинг ижроси туман ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.
         Р. МЕНГЗИЯЕВА