Мақсад одил судловни қарор топтириш

Охирги йиллар давомида мамлакатимизда суд соҳасини ислоҳ этиш бўйича қатор муҳим ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрь кунидаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4850-сонли, 2017 йил 21 февраль кунидаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4966-сонли ва 2018 йил 13 июлдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5482-сонли Фармонлари қабул қилинди. Ушбу Фармонларга асосан суд соҳасини ислоҳ этишда қатор вазифалар бажарилди.
Шу билан бирга, ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 06 январдаги «Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4096-сонли Қарорининг қабул қилиниши ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва унинг нуфузини ошириш, судлар фаолиятида одил судловни амалга ошириш бўйича қонунийликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигидан далолат беради.
Мазкур Қарор билан суд-ҳуқуқ соҳасида кадрлар тайёрлаш, профессионал ва етук судьялик корпусини шакллантириш учун зарур юқори стандартларни жорий этишда салбий таъсир кўрсатаётган қатор муаммолар ҳал этилди.
Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини янада ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида ва суд соҳаси фаолиятини ислоҳ этишни янада чуқурлаштириш мақсадида Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаларида ва судьялар корпуси билан учрашувларида қайд этилган масалалар муҳим аҳамият касб этди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бунда энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш юзасидан халқ номидан иш олиб бориши мумкин бўлган икки орган: давлат бошлиғи ваколати билан парламент ваколати ўртасида ўзаро боғлиқлик, бир-бирини тақозо қилиш тенденцияси намоён бўлди. Яъни, бунда энг муҳим масалалар халқ томонидан сайланган олий органлар ўртасида ўзаро келишиб, бамаслаҳғат ҳал қилиниши сингари устувор мақсадлар мужассам.
Мазкур Мурожаатнома ва Фармонлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларини такомиллаштириш бўйича яна бир қатор долзарб вазифалар амалга оширилиши лозимлигини белгилаб берди ва қонун ҳужжатларига бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Шу билан бирга, 2018 – 2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни ривожлантириш концепциясини қабул қилиниши ва амалга ошириш, халқимизнинг кечиримли бўлиш ва бағрикенглик каби азалий қадриятларидан келиб чиқиб, жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, юксак профессионал даражада фаолият юритадиган малакали судьяларни тайёрлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини ташкил этиш, маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлайдиган қўшимча механизмлар яратишни ҳисобга олган ҳолда, жиноят-ижро қонунчилигини янада такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида «Мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт» деб таъкидлагани халқни давлат ҳокимиятига бўлган ишончини орттиришдек мураккаб вазифани бажаришни, суд органларини чинакам «адолат қўрғони» номини оқлашни талаб этади.
Туманлараро суднинг ваколатларига иқтисодиёт соҳасида вужудга келадиган, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонунлар билан ўзининг ваколатига киритилган низолар ҳамда бошқа ишларни ҳал қилиш йўли билан одил судловни амалга ошириш киради.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2020 йил 01 январдан 2020 йилнинг 30 июнь кунига қадар жами 3123га яқин иқтисодий ишлар иш юритувига кабул қилинган бўлиб, шулардан 2756та иқтисодий ишлар мазмунан ҳал этилган.
Ушбу келиб тушган даъво ариза (ариза)ларнинг 941таси фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга, 1020 таси маъмурий ҳуқуқий муносабатларга, 782 таси банкротликка ва 15та корпоратив муносабатларга оид ишларни ташкил этади.
Жорий йил давомида суд томонидан жами мазмунан кўриб чиқилган ишлар бўйича 2334 та иш қаноатлантирилган, 191 та иш рад этилган, 226 та иш бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган, 5 та иш бўйича иш юритиш тугатилган, 5 та иш бўйича келишув битими тасдиқланган. Қабул қилиш рад этилган даъво аризалар сони 4 тани, қабул қилинмасдан қайтарилган даъво аризалар сони 173 тани ташкил этган.
Суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилишга қаратилган. Шундан келиб чикиб, судлар давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорликда ва ҳамжиҳатликда ишларни ташкил этиши, жамиятда жиноят ва ҳукуқбузарликларнинг олдини олишга масъул бўлиши шарт деб ҳисоблаймиз.
Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек ушбу ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, балки инсон манфаатлари учун хизмат қилиши лозим.
С. Аллабердиев,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси
А. Байкабулов,
Сурхондарё вилоят иқтисодий суди катта мутахассиси
М.Хидиров,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси