Суд ислоҳоти

Жорий йилнинг 30 июнь санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ушбу видеоселектор йиғилишида одил судловни амалга ошириш борасидаги мавжуд ютуқ ва камчиликларга танқидий баҳо берилди.
Давлатимиз    раҳбари ўз чиқишларида  одил судлов таъминланмаган, коррупция авж олган давлатга ҳеч қандай тадбиркор, инвесторда ишонч бўлмаслиги ҳақида  куйиниб гапирди.
Бир нарсани билинглар-сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.”,-дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ушбу виделоселектор йиғилишида 20 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ киритган инвесторлар фаолиятида суд жараёни билан боғлиқ муаммо кузатилган тақдирда,  ишни тўғридан тўғри Олий судда кўриш бўйича таклиф билдирди.
Давлатимиз  раҳбари, шунингдек, судга бориш учун айрим туман ва шаҳарларимизда одамларга қулайлик яратиш зарурлиги ҳақида гапириб,  судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берди.
Судлар жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиниши, йил якунигача суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиш тизимини жорий этиш ҳамда судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳақида мутасадди органларга топшириқлар берилди.
Айни вақтда мамлакатда судьяларнинг 14 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Президент ушбу соҳада ҳам гендер тенглигига эътибор қилиш таклифини билдирди.
Ушбу видеоселектор йиғилишида ички ишлар органлари тизимидаги муаммолар танқид қилинди.
Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 773 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганлиги шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинганлиги, инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилганлиги, бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлаётганлиги, лекин халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга асос йўқлиги йиғилишда таъкидлаб ўтилди.
«Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!»,-дея таъкидлади давлат раҳбари.
Судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидланди. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказиши қайд этилди. Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлиги уқтириб ўтилди.
Тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.
ҳозирги тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслиги таъкидланди.
Хусусан, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган.
Маълумки, судьялик  лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танлов кучайтирилди.
Энди терговчиликка номзодларга ҳам шунга ўхшаш талаблар қўйилиши кераклиги қайд этилди. Жумладан, бир қатор мутасадди  идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари қўйилди. Бундан ташқари, видеоселектор йиғилишида ҳусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Маълум бўлишича, сўнгги бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1730 та қарори бекор қилинган.
Суд орқали  ер муносабатлари билан боғлиқ мингта, уй-жой бузилишига доир 51 та, хусусийлаштиришга оид 62 та ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган. Хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймаслик ва бу қонунда мустаҳкамланиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарур”,-деди Президент.
Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, барча сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида ушбу талабларга қатъий амал қилинишини таъминлаши шартлиги қайд этилди.
Йиғилиш натижаларига кўра қуйидагилар амалиётга тадбиқ этилади.
Бундан буён депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва  жамоатчиликни жалб қилган ҳолда одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб борадилар.
Аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари  ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда танқидий муҳокама қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйилади ва масъулиятига баҳо бериб борилади.
Олий Мажлисдаги махсус қўмиталар ҳар бир ҳудуднинг одил судлов ва коррупция масалаларига оид рейтинги юритилишига бош-қош бўлиб,  ҳар ярим йил  натижалари бўйича парламент эшитувлари ва текширувларини ўтказиб боради.
Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига “Инсон қадр қиммати-энг олий қадрият” махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди.
Мутасадди идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари қўйилди.
Тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суд тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилади.
Мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд-бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди.
Суд тизимида назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
Судьяларнинг адолатли қарор қабул қиллишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан,  Ўзбекистон Республикаси   Олий суди раиси ва бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқи бекор қилинади.
Хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман, давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўйилмайди ва бу қонунда мустаҳкамланади.
Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилиши қатъий белгиланади
Адвокатликни бошлаш учун ёш мутахассислардан 2 йиллик юридик стаж талаб этиш бекор қилинади, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартиби жорий этилади.
Юридик олий ўқув юртларида “Адвокатлик фаолияти” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланадиган бўлди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган  адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга тушириш топшириғи берилди. Бу дастлаб пойтахт Тошкентда эксперимент тариқасида жорий этилади.
Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплексини ишга туширилади. Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади.
“Коррупциядан холи” дастури ишлаб чиқилади. Бунда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда соҳаларни рақамлаштириш энг асосий вазифа бўлади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолатини таҳлил қилиб, ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига миллий ҳисобот киритиб боради.
Коррупцияга қарши курашишда кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор берилади. Бунинг учун Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университетида коррупция муаммоларини ўрганиш бўйича алоҳида ўқув модули махсус кафедра ва магистратура мутахассислиги очилади.
Ўзбекистонда ҳокимлар ва раҳбарлар коррупцияга қарши кураш бўйича малака оширади.
                                    Д. Алмуратова,
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди судьяси
                         Алишер Бобомуродов,
Вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси