ТУМАН ҲОКИМИ Р. ГАППАРОВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИГА М У Р О Ж А А Т И

Ассалому алайкум!
Азиз тумандошлар!
Юртимиздаги эпидемиологик вазият туфайли коронавирус инфекциясини бартараф қилиш, ушбу даврда фуқаролар хавфсизлигини ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида туман штаби ташкил этилган бўлиб, кечаю-кундуз 24 соат мобайнида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилган бўлсада, ҳали тўлиқ бу касалликдан фориғ бўлганимизча йўқ.
Ҳар бир фуқаро коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш учун ўзи масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Давлатимиз томонидан инфекциянинг олдини олиш борасида зарурий чора-тадбирлар кўрилмокда. Шуни инобатга олган ҳолда, фуқароларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатьий амал қилишлари, кекса отахону онахонларимизнинг, азиз фарзандларимизнинг соғлигига, шахсий гигиенасига жиддий эътибор қаратишларини, ҳар бирингиз кўринмас ёв билан курашда ўзингиз ва яқинларингизнинг соғлигига бефарқ бўлмасликларингизни таъкидлашни истардим.
Малумот ўрнида келтириб ўтаман, 2020 йил 16 март куни карантин бошлангандан буён туманда жами 6035 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, айни кунга қадар 5788 нафари карантиндан чиқарилган.
Бугунги рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, хозирда 247 нафар тумандошимиз уй карантинида бўлса,10 нафари стационар шароитида даволанмоқда. Бу эса, биздан хушёрлик ва масъулиятимизни янада оширишни талаб этади.
Азиз фуқаролар!
Инфекциянинг тарқалиб кетишининг олдини олиш борасида қатъий талаблар белгиланган бўлсада, зарурий чоралар кўрилиши, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамасдан, минг афсуски ҳали-хануз одамлар орасида карантин талабларига беписандлик билан қараётганлар учрамоқда. Бугунги эпидемиологик вазиятда биргина бефарқлик ортидан ўз соғлигингиз, яқинларингиз, атрофдагилар соғлигига ҳавф солишингиз мумкинлиги ёки ушбу инфекциянинг ўчоғига айланиб қолмаслигингизга ҳеч ким кафолат беролмайди.
Қумқўрғон туманида барча амбулатор муассасаларда мобиль консултатив бригадалар фаолиятини олиб бормоқда. Ушбу бригадаларнинг ҳар бири мобиль алоқа воситалари билан таъминланган бўлиб, улар аҳолига COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ бўлган барча мурожаатларга тавсияларни бериб бориши белгиланган. Туман тиббиёт бирлашмаси марказий тез тиббий ёрдам бўлими (76-46-53-103) уяли алоқа бўлими рақамларга ҳамда бу борада бирор муаммо ёки таклифларингиз бўлса, Qumqo‘rg‘on tumani hokimligi Axborot xizmati (https://t.me/q_axborot) телеграм каналининг @qum_hokim манзилига йўллашингиз мумкин.
Ушбу кўрилаётган чоралар, албатта аҳолимизнинг саломатлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётганлигини яна бир бор ҳис этиб, карантин қоидаларга қатъий амал қилишимз ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Бу хавфни фақатгина “Темир интизом – юксак тафаккур” билан енгамиз. Бизнинг халқимиз вазиятга тўғри баҳо бериб, синовларни мардонавор енгиб ўтишига ишонаман.