Туман ҳокимининг сайёр қабули ўтказилди

Пандемия сабаб, аҳоли билан жойларда ташкил этилган сайёр қабуллар карантин даврида тўхтатилган эди. Қумқўрғон туман ҳокими Р.Гаппаровнинг аҳоли мурожаатларини ўрганишга қаратилган учрашуви «Бўстон» маҳалласида ўтказилди.
Мазкур қабул санитария-гигиена талабларига риоя қилган ҳолда ташкил этилди. Унда сектор раҳбарлари, туман корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари иштирок этишди.
Туман ҳокими Р.Гаппаров сўзга чиқиб, туманда аҳолини камбағалликдан чиқариш ва иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, халқнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, борасида амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар ҳақида гапириб ўтди.
Мазкур ҳудудда 70 гектар ер майдонига лимончиликга ихтисослаштирилган иссиқҳоналар барпо этилмоқда. Ҳар бир лойиҳа қиймати 1миллиард 100 миллион сўмни ташкил этиб, 70 та тадбиркор томонидан амалга оширилади. Жорий йил якунига қадар ишга тушурилиши режалаштирилган йирик лойиҳада 500дан ортиқ янги иш ўринлари яратиши кўзда тутилган.
– Анчадан буён соғлигимни тиклаш учун даволаниб келаман, турмуш шароитим оғир, уйим эса таъмирталаб аҳволда-дейди Ойимҳол Ҳайитова. -Уйимни таъмирлашни сўраган эдим, раҳмат, туман ҳокими тез фурсатларда керакли қурилиш маҳсулотлари билан таъминлаб, уй-жойимни таъмирлаб берадиган бўлди. Мурожаатимни эътиборсиз қолдирмаган туман ҳокимимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Ўртага ташланган ҳар бир мурожаатга ечим чоралари кўрилди.