Қумқўрғон туман ҳокими Р.Б.Гаппаровнинг 1 октябрь- ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами муносабати билан Устоз ва мураббийларга йўллаган Т А Б Р И Г И

 

Ассалому алайкум ҳурматли устозлар, мураббийлар!
Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясидек шарафли ишга бағишлаган барча юртдошларимизни 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман. Бугун ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг барчангизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ”,- деган сўзлари сизларнинг машаққатли, айни вақтда олижаноб фаолиятингизга берилган юксак баҳодир, десак, адашмаган бўламиз.
Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидойи касб эгаларидир.
Биз ўзимиздаги жамики яхши фазилатлар, ҳаётда эришаётган барча ютуқларимиз учун сиз, азизлардан умрбод қарздормиз.
Ушбу қутлуғ айёмда барчамизнинг камол топишимиз, жамиятда муносиб ўрин эгаллашимизда бор билим ва тажрибасини, қалб ҳароратини бахш этиб келаётган меҳридарё устозларимизга чин юракдан миннатдорлик билдирамиз.
Барчамиз яхши тушунамиз, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир.
Шунинг учун мамлакатимизда бу масалага давлат миқёсида улкан эътибор қаратилмоқда. Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз.
Ишончим комил, миллати, тили ва динидан қатъий назар, Ватанимизнинг ҳар бир фарзандини ўз боласидек севиб, ардоқлаб, уларни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш учун сидқидилдан меҳнат қилаётган Сиз, ҳурматли туманимиз ўқитувчи ва мураббийлари бу вазифаларни албатта шараф билан адо этасиз.
Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Ишончим комил, халқимиз зиёлиларининг илғор вакиллари бўлган Сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган ишларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ҳаётда ўзини оқлаган мактаб, оила ва маҳалла ҳамкорлигига асосланган ижтимоий тизим самарасини оширишда фаол иштирок этиб, барчага ўрнак ва намуна бўласизлар.
Сизларни 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!