Инсон борки гўзаликка интилиб яшайди. Айниқса қизлар. Ҳовлисида чиройли гуллар очилиб турса билингки, бу уйда қиз бор. Қишлоғимизда бир аёл яшайди. Уни кўча болалари гулчи момо деб атайди. Ўтган кетган болаларга гул улашади.
Бир куни кўчадан ўтаётсам мени ёнига чақириб мана шу атиргулни қазиб ол, мен дунёдан ўтсам шу атиргулга қараб мени эслаб юрасан деди. Гулни олиб бориб ҳовлимга ўтқаздим. Ҳар йили бўйига-бўй чўзилиб, гуллари чиройли бўлиб очилар эди. Қўшниларимнинг ҳаваси кетиб сўрасалар гулчи момо берган деб мақтанар эдим. Нима бўлди-ю бу йил гулим олдинги йилларга нисбатан чиройли эмасдек кўринди. Барглари ҳам, гуллари ҳам нимжон. Мен хўжаинимга қараб дадаси гулим хафа кўринади дедим. Яхшилаб суғорайлик деб ўйлаб тез-тез сув қуйиб турсам ҳам ўзгармади. Кейин билсам гулчи момо бетоб экан. Орадан сал вақт ўтиб у дунёдан ўтди. Мен ҳар гал ҳовлимдаги атиргулга қарасам гулчи момонинг гапи ёдимга тушади. Шунга айтишса керак яхшидан боғ қолади деб. Гулчи момодан кейин мана шу атиргуллар қолди.
УСТОЗ ОТАМГА
Илк бора қўлимга қалам тутқазган,
Алифбодан сўз очган сиз-сиз отажон.
Увайсий, Нодира, Тўмарис каби,
Буюклар ҳақида эртаклар айтган.
Бемор бўлганимда бошимда турган,
Соябоним сиз-сиз отажон.
Мана бу кун ёнингизда,
Ҳамкасб бўлиб турибман ҳар дам. Мен бўлдим сиздек муаллим,
Сиз табаррук устозим доим.
Ёш авлодга билим ўргатсам,
Ёруғ юлдуз бўлади таълим.