Вирусли гепатит А – ўткир юқумли, фақат инсонларда учрайдиган, кўзга кўринмайдиган вируслар келтириб чиқарадиган, аҳоли орасида “сариқ касаллиги” деб юритиладиган, жигар фаолиятининг бузилиши ва организмда умумий заҳарланиш аломатлари билан кечадиган касалликдир. Вирус юқори ҳароратда, кислоталар, эфирлар, дезинфекцияловчи воситаларга чидамлилиги унинг ташқи муҳитда узоқ муддат сақланиб қолишини таъминлайди.
Айниқса, паст ҳароратда вирус бир неча ой, ҳатто йиллаб сақланиши касаллик қайд қилинишининг давомийлигини оширади. Вирусли гепатит А касаллигининг асосий манбаи сифатида бемор (асосан сариқлик олди давридаги ҳамда А гепатитнинг симтомсиз шакли билан оғриган) одам ҳисобланади. Вируслар бемор организмидан, асосан унинг нажаси, пешоби ичида ташқи муҳитга тушади. Касаллик вируси одам организмига оғзидан, қайнатилмаган сув ичиш, мева-сабзавотларни оқар сувда ювмасдан истеъмол қилганда ва овқатланишидан олдин шахсий гигиена қоидаларига (қўллар ювилмаганда) риоя этилмаганда ҳамда бу касалликка чалинган бемор фойдаланган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечак ва ўйинчоқлардан умумий фойдаланилганда юқиши мумкин. Касалликнинг вақтида аниқланмаслиги ва дори воситаларидан ўринсиз фойдаланиш жигар фаолиятининг бузилишлари билан кечадиган оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун вирусли гепатит А касаллигини даволаш фақат шифокор тавсиясига кўра шифохона шароитида ўтказилиши керак.
Касаллик аксарият ҳолларда қуйидаги белгилар билан намоён бўлади:
. ҳолсизланиш, иситма, шамоллаш белгилари.
. Иштаҳа йўқлиги, қоринда оғриқ бўлиши.
. Кўнгил айниши, қайд қилиш.
. Кўзнинг шиллиқ қавати, бадан териси ва сийдик рангининг сарғайиши, ахлат суюқлашиб оқариши.
Шу билан бирга гепатит А касалигига чалинган болалар узоқ муддат жисмоний ҳаракатдан чекланиш, парҳезга риоя қилиш, жигар фаолиятини қайта тиклаш учун кўплаб дори воситаларини қабул қилиш, умуман бемор тўлиқ тузалмас экан, унга алоҳида эътибор ҳамда парвариш талаб этилади. Оқибатда оила аъзолари бунда моддий ва маънавий зарар кўради, ота-она фарзандининг хасталигини кўриб ҳар сония азият чекади.
Эсда тутинг! Тоза қўллар – саломатлик гаровидир.
Юқумли сариқ касалигининг олдини олишда энг самарали ҳимоя воистаси бу касалликка қарши вакцина билан эмлашдир. Бутун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг эътирофича, тажрибадан келиб чиққан ҳолда вирусли гепатит А касалигининг олдини олувчи энг мақбул профилактика – бу касалликка қарши эмлашдир. Шу сабали эмлашни касаллик кўпаядиган мавсумгача яъни айни касаллик камайиб турган қиш ойларида олиш талаб этилади. Бугунги кунда вирусли гепатит А касаллигига қарши профилактик эмлаш ишлари туманимизда кўп тармоқли марказий поликлиникасининг болалар бўлим (поликлиника)и эмлаш хонасида амалга оширилмоқда. Эмлаш билан боғлиқ маълумотларни туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази ва жойлардаги ҚОП, ҚВП лар поликлиникалардан олиш мумкин. Мактабгача таълим муассасаларига ва 1 синфга қабул қилинаётган болалар гепатит А касаллигига қарши, албатта, эмланиши зарур.
Бугунги кунда дунёнинг айрим давлатларида вирусли гепатит А касаллигидан ҳимояловчи самарали вакциналар ишлаб чиқарилиб, оммавий эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлаш 94-98 фоиз ҳолатларда вирусли гепатит А касаллигининг олдини олади ва ушбу вакцина ишлатилганда эмлашдан кейин асоратлар кузатилмайди.
Вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлашга асосан 18 ойдан – 14 ёшгача бўлган вирусли гепатит А касаллиги билан оғримаган болалар эмланишининг аҳамияти юқори. Ҳурматли ота-оналар фарзандларингизни вирусли гепатит А касаллигига чалинмасдан ва келажакда соғлом инсон бўлиб улғайишининг асосий ва ягона усули бўлган бу касалликка қарши профилактик эмлаштиш эканлигини унутманг. Тегишли талабларга риоя қилсангиз фарзандларингизнинг келажагини белгилаган бўласиз.
Касалликни юқтирмаслик учун: Болаларни ёшлигидан шахсий гигиена қоидаларига риоя этишга ўргатиш, яъни
. Қўлларни совунлаб ювишга одатлантириш;
. Мева ва сабзавотларни ювиб истеъмол қилиш;
. Қайнатилган сув ичиш касалликнинг олдини олишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
. Болаларда бармоқлар, ўйинчоқлар ва бошқа турли буюмларни оғизга солиш, қўлларни сўриш, тирноқларни тишлаш каби одатлар шаклланишига йўл қўймаслик.
Шунингдек:
. Хоналарни тоза-озода тутиш, доимий тозалик, озодалик ишларини ўтказиш;
. Хоналарни, ошхоналарни саранжом-саришта тутиш, тозаликка риоя қилиш;
. Хоналарда ҳожатхоналарнинг эшикларини доимий ёпиқ ҳолда тутиш, тез-тез зарарсизлантирувчи хлорли воситалар ёрдамида мунтазам дезинфекция қилиб туриш, уй пашшасининг кўпайишига йўл қўймаслик, унга қарши курашиш;
. Болаларни очиқ сув ҳавзаларида чўмилишларига йўл қўймаслик;
. Хонадонда юқумли сариқ касаллиги билан оғриганлар қайд этилган бўлса беморнинг идиш-товоқлари, ўйинчоқлари ва бошқа маиший буюмларини зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида мунтазам ювиб туриш.
Ҳар биримиз кундалик турмушда юқоридаги тавсияларга амал қилсак юқумли сариқ (гепатит А) касаллиги ва унинг оғир асоратларининг олдини оламиз.
Э. АЛИМНАЗАРОВ,
туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази врач эпидемиологи
Д. ҚАБУЛОВА,
эпидемиолог ёрдамчиси