Олма меваҳўрига қарши курашайлик

Олма мевахўри зараркунандаси танга қанотлилар туркумига, баргхўрлар оиласига киради. У Европада, Қрим, Кавказ, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Ўрта Осиё мамлакатларида кенг тарқалган. Бу зараркунанда олма мевасига баъзан нок, беҳи, ўрик, шафтоли ва анорга ҳам жиддий зарар етказади.
Олма мевахўрини агар олди олинмаса, меваларнинг 60-70 фоизигача зарар келтиради. Зараркунанда билан зарарланган мевалар тўкилиб кетади, сифати паст бўлади. Бу зараркунанда олигафаг ҳашоротлар гуруҳига киради. Ҳашорат ривожланиш даврида тўлиқ ривожланиш фазаларини ўтайди. Яъни улар тухумлик, қуртлик, гумбаклик ва вояга етган капалаклик даврларини бошдан кечиради. Олма мевахўрининг оғзи кемирувчи бўлиб, гипогнатик типга киради. Бу зараркунанда уруғлик мевали дарахтларга кўпроқ жиддий зарар келтиради. Олма мевахўрининг олдинги қанотлари тўқ кул ранг бўлиб, улар ёзилганда 14-22 мм га тенг. Қанотларининг орқа тарафи очроқ рангда бўлади. Қуртининг танаси оқиш, орқаси эса пушти рангда бўлади. Вояга етган қуртлар пўстлоқлар остидаги ўргимчак пиллаларида олма дарахтлари ёриғлари ва шохларидаги ковакларда, олма сақланадиган омборхона, тупроқ юза қатламларида ва барглар остиларида қишлайди.
Эрта баҳорда ҳаво ҳарорати ўртача 10 даражадан паст бўлмаганда, олма ғунчалари ранг олаётган вақтларда қуртлар гумбакка айлади. Олма дарахтлари гуллаган вақтдан 2-3 ҳафта ўтгач, гумбакдан капалаклар чиқа бошлайди. Яъни улар вояга етган имаголик даврига ўтади. Капалаклар асосан қоронғи тушиши билан дарахтлар тепаларида уча бошлайди. Урғочиси 15 даража иссиқ бўлганда олма, нок, ўрик, беҳи, шафтоли ва анор шоҳларининг тепа қисмларидаги барг ва тугунчаларга тухум қўя бошлайди. Олма мевахўри билан зарарланиш дарахтларнинг юқори қисмларида кўпроқ бўлади. Битта олма мевахўрининг капалаги 50-60 тагача тухум қўяди. Тухумдан чиққан личинкалар мевалар ичидаги эти ва уруғи билан озиқланади. Қурт олманинг сиртидан томирига ўтиши учун бурама канал очади. Ҳар бир личинка 4-5 та олма мевасига зарар келтиради. Қурт олма ичига кирган жой пўкак бўлиб қолади. Юртимизда олма мевахўри 3 марта авлод беради.
Кейинги йилларда қиш илиқ келиши билан кўплаб ҳашорат ва касалликларнинг кўпайиши эҳтимолини оширди. Шу боис боғбонлар, фермерлар, томорқа ер эгалари уларга қарши курашни йил давомида олиб боришлари керак.
Агротехник кураш
чоралари:
Йил давомида дарахтларнинг қуриган шохлари ва пўстлоқларидан тозалаш, тўплаб ёқиб юбориш ишларини олиб бориш керак. Дарахтлар таглари бел билан ағдарилиши лозим.
Биологик кураш
чоралари:
Олма мевахўрига қарши трихограмма, бракон, олтинкўз биомаҳсулотларини далага чиқариш яхши натижа беради.
Химиявий кураш
чоралари:
Республика химиявий коммиссияси томонидан рухсат этилган химиявий препаратлардан корбофос, каратэ, Би-58 янги, циперметрин, нурелл Д ва бошқалар яхши натижа беради.
Қ. Раҳмонқулов,
П. Умаралиев,
Б. Салаев,
Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини инспекторлари