2021 йил 1 январдан бошлаб 70 та лицензия ва 35 та рухсатнома бекор қилиниб, 115 та лицензия ва рухсатномани олиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади. Ваколатли органларга лицензия беришда айрим ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланди.
“Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
• 37 та лицензия ва 10 та рухсатнома бекор қилинади;
• 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;
• 17 та лицензия ва 14 та рухсатномалар хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади;
• 14 та турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатлари қарийб 2 бараварга қисқартирилади;
• 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади.
Фармонга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.
2021 йил 1 январдан бошлаб:
• туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгиланади.
Қуйидагилар бекор қилинади:
• кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;
• дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялашда ушбу фаолият учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан уларнинг худди шундай фаолият билан шуғулланувчи филиаллари ташкил этилганда ҳар бир филиал манзилини асосий лицензияда кўрсатиш амалиётини жорий қилиш орқали филиалларга алоҳида лицензия расмийлаштириш амалиёти;
• ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ, ваколатли органлар томонидан қуйидаги ҳаракатларнинг амалга оширилиши тақиқланади:
• лицензиялар бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича қарздорлиги сабабли давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш;
• лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида тузиладиган ўзаро шартномаларга алмаштириш;
• лицензия ва рухсат беришга доир талаб ва шартларда назарда тутилмаган ҳақ эвазига бошқа турдаги хизматлардан фойдаланишга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишга бевосита ёки билвосита мажбурлаш.
2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди. Ушбу санага қадар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган “Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 январдан:
• лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич тўлиқ электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади;
• лицензия соҳасидаги қонун бузилишлари ҳақида хабар берган шахслар ҳуқўқбузарлик ўз тасдиғини топганда ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;
• лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади.
2021 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинадиган лицензияланадиган фаолият турлари рўйхати:
Аудиторлик фаолияти;
Аудиовизуал асарларни, фонограммаларни ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш фаолияти;
Фонограммаларни тайёрлаш фаолияти;
Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш фаолияти;
Телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялашда:
– умумий фойдаланиш пунктлари, шу жумладан қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектларининг умумий фойдаланиш пунктлари томонидан маълумотларни узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш;
– қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳаллий телекоммуникация тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш;
– қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан шаҳарлараро телекоммуникациялар тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш;
– қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан халқаро телекоммуникациялар тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш.
Қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни лицензиялашда инвестиция фонди фаолияти;
Кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини лицензиялашда кўприклар ва тоннеллардан фойдаланиш фаолияти;
Мудофаа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолияти;
Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш фаолиятини лицензиялашда:
– ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш;
– ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини таъмирлаш;
– ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларидан фойдаланиш;
Баҳолаш фаолияти;
Риэлторлик фаолияти;
Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги формали кийим-боши савдоси бўйича фаолият;
Қимматбаҳо ва нодир металларни, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш фаолияти;
Фармацевтика фаолияти (дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш бундан мустасно):
– тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш;
– тиббий буюмлари тайёрлаш;
– тиббий буюмларини улгуржи реализация қилиш;
– доривор ўсимлик хомашёсини қадоқлаш ва улгуржи сотиш.
Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақлаш сигнализацияларини лойиҳалаштириш фаолияти;
Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялашда:
– юкларни автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш фаолияти;
– юкларни автомобиль транспортида шаҳарлараро ташиш фаолияти.
Фармонга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу ҳужжатни ҳаётга татбиқ этиш орқали лицензиялаш ва рухсат бериш тизимидаги маъмурий тартиб-таомиллар бирхиллаштирилади (унификацияланади), бу, ўз навбатида, бизнес ва давлат органларининг масъулиятини оширишга олиб келади, ушбу муносабатларда коррупция имкониятлари кескин жиловланади.
С .Менглиқулов,
туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси