Болажонларнинг қувончи чексиз

Ватанимизнинг бўлажак поспонлари, ҳимоячилари айни дамларда мактаб остонасига илк қадамларини қўйди.Уларнинг нигоҳида барқ урган қувонч шодаларини кўриб дилингиз яйрайди. Мактаб таълими шу қадар муҳимки, кўплаб ота-оналар пандемия тезроқ ниҳоясига етса-ю, фарзандлари аввалгидек мактабда, мактабгача таълим ташкилотларига бориб билим олишни давом эттирса, деган ўйда. Айни вақтдаги вазият ота-оналарни хавотирга солаётгани бор гап. Аммо шунда ҳам фарзандларининг анъанавий ўқишига рози ва бугундан уларни илк қўнғироққа олиб борганлар ҳам кўп.
Туманимиздаги фаолиятини олиб бораётган умумтаълим мактабларида ота-оналар иштирокида ўтказилган сўровномада 75,7 фоиз ота-оналар фарзандларининг анъанавий таълим олиш тарафдори эканликларини билдиришган. Масъулият ҳам шунга яраша. Ўқувчилар учун санитария талабларидан келиб чиққан ҳолда мактаблар тахт ҳолатга келтирилган. Тумандаги 33-сонли умумтаълим мактабида 1-синф ўқувчилари учун анъанавий дарс машғулотлари бошланди. Мактабнинг илк кунида 1-синф ўқувчилари учун аталган Президент совғалари топширилди.
– Биринчи синфларимиз учун ўқув йили ўзгача бошланди, – дейди мактаб директори Э.Эргашев. – Улар Президент совғасини қабул қилиб олди. Бу йил 117 нафар ўғил-қиз 1-синфга қабул қилинган бўлса, шундан 1 нафари масофавий таълим олишини билдирган. Бу дегани, улар уйда ота-она ва катта ёшлилар назоратида “Онлайн-мактаб”ни кузатиб, вазифаларни бажариб боради. Ўқувчилар бугун юқори кайфиятда ўқишни бошлашди. Бундан ташқари, анъанавий ўқиш истагини билдирган ўқувчилар кўп бўлгани учун, санитария қоидаларига амал қилган ҳолда шароитларни яратишга жиддий эътибор қаратилди.
Ҳар бир ҳудудда мактаблар эпидемиологик вазиятга қараб босқичма-босқич иш фаолиятини тиклайди.

Райҳон Менгзияева