Янги бинода иш бошланди

 

Туманимизнинг географик жойлашуви мулкчиликни ривожлантиришга ҳар жиҳатдан қулай. Экин майдонларининг унумдорлиги, суғориш ва мўл ҳосил етиштириш ишларида тўпланган тажрибалар ерга мулк сифатида муносабатда бўлишни ривожлантирмоқда. Маъмурий бинолар, саноат корхоналари, муассасалар қурилган ер майдонларининг ҳисобини юритиш, тегишли кадастр ҳужжатларини тайёрлаш мутахассислардан фаол ишлашни талаб қилади.
Шунинг учун туманимиздаги мавжуд ерларни ягона тизимга бирлаштириш, ҳар бир қарич ерни ҳисобга олиш, иқтисодиётни ривожлантириш, ердан оқилона фойдаланиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни таъминлаш ишларини юритиш мақсадидаги барча вазифаларни сифатли бажариш зарур. Бунда ер кадастри мутахассисларининг билимдонлиги, қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши қўл келади. Кейинги йилларда соҳага ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилаётганлиги иш самарадорлигини оширишни таъминлаяпти. Туман ҳокими Р. Гаппаровнинг ташаббуси билан замонавий талабларни инобатга олиб, ер кадастр ишларини янада шаффоф, аниқ, оқилона ташкил этиш мақсадида соҳа мутахассислари учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Кўркам, кўрса кўзлар қувнайдиган икки қаватли, маҳобатли бинонинг тантанали очилиш тадбирида туман ҳокими Р. Гаппаров сўзга чиқиб, хурсандчиликларини баён қилди. Тадбирда ҳоким ўринбосарлари, туманни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган нуронийлар, ташкилотлар ва корхоналарнинг раҳбарлари қатнашишди. Ер кадастри раҳбарлари ва ходимларига қимматли маслаҳатларини берди.