ҚОНУН БУЗИЛИШ ХОЛАТИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК ҲАҚИДА ИШ БЕРУВЧИЛАР ВА РАХБАРЛАРГА ЁЗМА ОГОХЛАНТИРИШ

Қумқўрғон туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, тумандаги мулкчилик шаклидан қаътий назар барча корхона, ташкилот, муассаса-идоралар рахбар ва иш берувчиларига қуйидагиларни билдиради ҳамда сўрайди.

Мажбурий меҳнат – бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Яъни фуқаро ёки иш берувчи шахсни ишдан бўшатиб юбориш, ойлигини камайтириш, лавозимини пасайтириш ва бошқа таҳдидлар воситасида мажбурий меҳнатга жалб қилиши мумкин эмас.

Мажбурий меҳнат қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш, қурилиш, таъмирлаш ишларига жалб қилиш ва бошқа кўринишларда бўлиши мумкин.

Мажбурий меҳнатни тақиқловчи нормалар халқаро ва миллий қонунчилигимизда ўз аксини топган.

Пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан ихтиёрийлик асосида йиғиб-териб олишни ташкил этиш ва пахта йиғим-термида теримчиларни ёллаш тартиби ҳамда механизми ишлаб чиқилган.

Пахта йиғим-терими ишларига теримчиларни жалб қилишда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, халқаро шартномалари, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги ва “Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги конвенциялари талабларига қатъий риоя қилиниши талаб этилади.

Пахта етиштирувчи хўжаликлар томонидан теримчилар меҳнатидан фойдаланишда, улар учун дам олиш ва ётоқ жойлар ташкил этишда, теримчиларни транспортда пахта дала майдонига олиб бориб, келишда меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария қоидаларига риоя этиши лозим.

Теримчиларнинг меҳнат шароитлари, уларга меҳнат ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши, меҳнат шароитлари яратилиши ҳамда меҳнат ҳуқуқи ва муҳофазасининг таъминланиши устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда меҳнат органлари давлат назоратини, касаба уюшмалари жамоат назоратини амалга ошириб боради.

Мулкчилик шакли ва идоравий бўйсинувидан қатъий назар корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлайдиган ходимларнинг асосий иш вақтида, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларини пахта йиғим-терим ишларига жалб этиш қатъиян таьқиқланади.

(Мулкчилик шакли ва идоравий бўйсинувидан қатъий назар корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлайдиган ходимлар таътилда ёки ўз асосий иш вақтидан бўш бўлган вақтда теримчи сифатида ўз хохшига кўра пахта теримида иштирок этиши мумкин.)

Мазкур талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолатларда иш берувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан тегишли маъмурий таъсир чораси қўлланилишини ҳамда юқори турувчи ташкилотларга тақдимномалар киритилишини маълум қиламиз.

(Маълумот ўрнига; Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жарима миқдори 2020 йил 22 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, маъмурий жавобгарлик чоралари, яъни жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50-100 бараваригача қилиб белгиланган.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган бўлса, Жиноят кодексига киритилган янги 1482-модда бўйича баъзавий ҳисоблаш миқдорининг 100-150 бараваригача жарима, 2 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо белгиланган).

Маълум қиламизки Мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келган ёки унга гувоҳ бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қисқа телефонларига, телеграм каналига ёки интернет сайтларига мурожаат этишлари мумкин.

Шу билан бирга, фуқароларимиз бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, яъни прокуратура ёки ички ишлар идораларига мурожаат қилишлари мумкин.

Ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг хоҳишига қараб уларнинг шахсига тааллуқли маълумотлар сир сақланиши кафолатланади.

Юқорида санаб ўтилган тармоқлар орқали рўйхатга олинган ҳар бир мурожаат вазирликнинг назоратида ўрганилади.

Туманимиз фуқароларига шуни таъкидламоқчимизки, агар меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса ёки мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “1176” қисқа рақамли ишонч телефони, ижтимоий тармоқдаги “dmi.mehnat.uz” сайти ҳамда “mehnathuquqbot” телеграм ботига мурожаат қилинг.

Ҳар бир мурожаат ва хабарлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади ва натижаси ҳақида маълумот берилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.

 

Қумқўрғон туман Аҳоли бандлигига                                                                          кўмаклашиш маркази директори                                                О.Ш.Чориев

 

Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори                                                     А.Д.Менгнаров