Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар давом этмоқда

2017 — 2020 йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.

Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичидаги бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, судлар томонидан одил судловни амалга ошириш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ушбу турдаги хизматлардан суд биноларида эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, мурожаатлар ижросини онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш ҳамда тарафларнинг ортиқча оворагарчиликларининг олдини олиш мақсадида бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш, махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд мажлисларида мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали масофадан туриб иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш, суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш шулар жумласидандир.

Шунингдек, мазкур қарор билан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланиб, унда, мазкур давр мобайнида барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш, апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш, суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш, суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш, судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш билан боғлиқ амалга ошириладиган ишлар ва уларнинг аниқ муддатлари назарда тутилган.

Шунингдек, Қарор билан бевосита соҳага оид бир қатор бошқа вазифалар ҳам белгилаб олинди.

 

 

Термиз туманлараро

иқтисодий судининг судьяси                                      Асрор Махаммадиев