Одам савдоси инсон ҳуқуқлари поймол этилган муаммо ҳисобланади. Инсонларнинг эркинлигига қарши бориб, жисмоний ва маънавий меҳнатидан фойдаланган ҳолда уларни моддий манбага айлантириш ибтидоий жамоа давридан бошланган. У инсоният тараққиёти даврида ҳар доим ушбу муаммо жамиятнинг оғриқ нуқтаси бўлган.
Инсонлар устида олиб бориладиган савдо жиноятчилигини ечишга қаратилган биринчи ташкилот 1839-йилда тузилган эди. Қулчиликка қарши бу институт изланишлар, огоҳликни ривожлантириш ва биргаликдаги ташкилий ҳаракатлар натижасида инсонлар савдосини тугатиш учун қабул қилинди. Бу институт маҳаллий ташкилотлар ҳамкорлигида давлатларда қулчиликка қарши босим ўтказиш билан ўз фаолиятини амалда қўллайди.
Инсонлар савдосига қарши кураш фаолияти илк босқичларида, 1949-йилда қабул қилинган «Инсонлар савдоси таҳдиди ва фоҳишабозликда эксплуатация» Конвенцияси ўзида ундан аввал қабул қилинган конвенция ва келишувларни мазмунан мужассам қилди. Лекин ушбу битим кўпчилик давлатлар томонидан бир овоздан қабул қилинмади. Бу битим трафик—инсонлар савдосига қониқарли таъриф берилмаганлиги, мажбурлов механизмининг камчиликлардан ҳоли эмаслиги ва фоҳишабозликнинг чегаралараро ўсиб бораётган инсон савдоси эканлигига алоҳида урғу берилмаганлиги боис кўп танқидга учради. Бундай нобопликлар туфайли ўзга давлатлар ва халқаро ташкилотларда қизиқиш уйғотиб, уларнинг қонунчилигига бирор янгилик олиб кирмаганлиги туфайли, 1990-йилларга келиб инсонни пуллаш жиноятчилиги жаҳонни ларзага сола бошлади.
Трафик—инсонни пуллаш жинояти. У дунёда содир этилаётган жиноятлар ичида наркотик моддалар, ноқонуний қуроллар савдоси билан боғлиқ жиноятлардан кейин учинчи ўринда туради. Аниқ келтирилган фактларга қараганда, АҚШга ҳар йили 700 мингга яқин одам қул сифатида олиб келтириларкан. Бутун жаҳон бўйича эса 4 миллион одам трафик жиноятининг қурбони бўлган. Уларнинг барчасидан келган даромад 9 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Давлатлар қонунлари қанчалик янгиланиб бормасин, жиноятчилар ҳам шунчалик тезлик билан бу қонунларга мослашиб бормоқда. Энди бугунги кунимизда жисмоний ва моддий тажовуз билан эмас, кўпроқ руҳий ёки бўлмаса «романтик» тажовуз қилиб ушбу жиноятларини амалга ошириш ҳолатлари сони кўпаймоқда. Шунинг учун ҳам кўп трафик жинояти қурбонлари ўзларини жабрланувчига айланиб қолишганлигини билмайди. Натижада, узун арқон билан ўраб олинган ўлжасига ҳам жисмонан, ҳам руҳан азоб бериб, уни молиявий манбага айлантиришади.
Инсон савдоси бузилаётган инсон ҳуқуқлари ичида салмоқли ўринни эгаллайди. Жаҳондаги кўп давлатларда қонунлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг масъулиятсизлиги натижасида трафик жиноятчиларига ўта қулай шароит яратилади. Бундай жиноятчиларнинг домига ўз яшаш шароитидан норози, яшаб турган жойини тарк этиб кетмоқчи бўлган одамлар осонгина илинишади. Айрим давлатларда трафик жабрланувчиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланса, улар оддий «ноқонуний мигрант» мақоми остида жабрланувчиларнинг ўз мамлакатларига қайтариб юборишади. Бу эса жабрланувчига нисбатан ўта таҳқирловчи муносабатда бўлишдир. Чунки жабрланувчи ўз инсон ҳуқуқлари поймол этилганлигини тўла тушуниши ва шунга яраша келгуси ҳаётини яхшилаб тиклаш учун керакли барча ёрдамларни олишга ҳақли. Энг муҳими, унинг инсон ҳуқуқлари поймол этилгандан сўнг эътибордан четда қолмайди. Жабр кўрган муҳожирларнинг ўз давлатига қайтиб бориб суд олдида жавоб бериши, минг афсуски, «навбатдаги» жароҳатни олиши кўп давлатларда кузатилмоқда. Айтиш жоизки, инсон ҳимояси айрим давлатларда инсон қатағонига айланмокда.
Масаланинг яна бир муҳим тарафи шундаки, трафикка учраган шахслар ўзларини бу жиноят қурбонига айланиб қолганларини тан олмайди. Улар ўзларини оддий муҳожирлар ёки омади юришмаган ишчи деб ҳисоблашади. Ҳолбуки, ҳеч кимнинг инсон ҳуқуқлари поймол бўлишига йўл қўйилмайди.
Халқаро қулчиликка қарши фондлари ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлари ҳар қандай ҳолатда бўлса ҳам жабрланганларнинг аҳволини яхшилаш, уларни кейинги зарбалардан муҳофаза қилиш ва улар статусини қайта тиклашни назарда тутади. Инсонлар савдосига қарши Баённома ушбу жиноят қурбонларининг муҳофаза ва кўмак билан таъминланишини тўлалигича инсон ҳуқуқларига ҳурмат деб билади.
Барчага маълумки, Ўзбекистон мустақил, ёш республика сифатида ўзининг илк қадамини БМТга аъзо бўлишдан бошлади. Бундан ташқари, давлатимиз бир талай халқаро битимлар ва ташкилотларга аъзо сифатида кирди. Юқоридагиларнинг ҳаммаси, албатта, Ўзбекистон қонунчилиги ҳам бу ташкилотлар ва битимлар талабларига мос келишини, демократия тамойилларининг кенгайишини, инсон ҳуқуқларига ҳурмат даражасининг ошишини таъминлайди. Ўзбекистон шу кунга қадар ўз йўлини, мақсадини белгилаб олгани аниқ. Бунга ҳозирги кунда оддий ўзбек ҳаётидаги юксалишларни мисол келтириш мумкин. Шунга қарамай трафик жиноятига қарши Ўзбекистонда мустаҳкам муҳофаза девори қўйилган деб бўлмайди. Бундай муаммони ечишда биздан биринчи навбатда талаб қилинадиган нарса бу халқнинг ичида ушбу жиноятчилик ҳақида ва унга қарши кенг тушунтириш ишларни олиб бориш керак. Чунки юқорида айтганимиздай, халқ оддий алдовларга ишониши ёки ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини, уларнинг поймол этилаётганлигини билмаслиги мумкин. Бунга қарши кураш иммунитетини ривожлантириш керак.
Инсон ҳуқуқлари олий қадрият. Мустақил, мустаҳкам, демократик давлат қурулиши йўлидан бораётган эканмиз, биз инсон ҳуқуқларининг қадрланишига эришишимиз лозим. Зероки, инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурмат даражаси халқнинг, элнинг ривожланганлик, маданиятлилик даражасини белгилайди.
Ў. ШАЙНАЗАРОВ,
Транспортда ХТБ Тангимуш бекатидаги ХПГ инспектори, катта лейтенант.