
Маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуни асосида тартибга солинаяпти. Жамиятимизда янги бўғин саналмиш маҳалла ташкилотлари мустақил иш юритаяпти. Маҳаллалар маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ўз манфаатлари, миллий қадриятлар, тарихий анъаналар, урф-одатлар асосида ҳал этаяпти. Эркин фаолият юритиб, маҳаллаларини ривожлантиришга эришаяпти.
Давлат ҳокимияти маҳалла фуқаролар йиғинлари маҳалладаги аҳолининг меҳнат турлари билан бандлигига қараб ўз фаолиятини ташкил этишини аниқлаб берди. Бу аҳоли ва маҳалла идорасининг ўзаро ҳамжиҳатликда ишлашини таъминлаяпти. Туманимиздаги мавжуд маҳаллалардаги аҳолининг манфаат топиши учун банд бўлган ишларни билиши ҳам зарур. Шунинг учун томорқасида қишлоқ хўжалиги экинларини экиб, даромад топаётганлар ҳақида маҳалла ташкилотида “томорқа паспорти” юритилаяпти. Унда фуқароларнинг қайси мева-сабзовот экинларини эканлиги ва йиллик даромади тўғрисида маълумотлар ёзилмоқда.
Биз туманимиздаги бир қатор маҳаллаларда бўлиб аҳоли шуғулланаётган меҳнат турлари билан қизиқдик. Қувондиқ Ҳимматов раислик қилаётган Меҳробод МФЙ ҳудудидаги 3332 нафар аҳоли 870 та оилада яшаяпти. Ота-оналарнинг фарзандлари таълим-тарбия ўрганиши учун 41-сонли умумтаълим мактаби бунёд этилган. Аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги экинлари экиб, маҳсулотлар етиштириш билан машғул. Шахсий томорқа хўжалигида эртаги картошка, пиёз, сабзи, саримсоқ, бодринг, больгар қалампир экиб, маҳсулотларини бозор иқтисоди асосида сотаяпти. Йиллик даромади 30-50 миллион сўмга етаяпти. Абдулла Шоймардонов раислигидаги Гултепа МФЙда инфратузилма бир мунча ривожланган. Бу ерда 670 та хонадонда 4328 нафар аҳоли яшаяпти. Болаларнинг таълим-тарбия ўрганиши учун 25- ва 52-сонли умумтаълим мактаблари мавжуд. Кичкинтойларнинг мактабгача таълим ташкилотида тарбия олиши учун боғчалар кўп ташкил этилган. 2 та давлатга қарашли ва 1 та хусусий боғча очилган. Аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш учун 1 та амбулатория фаолият кўрсатаяпти. Шахсий томорқа эгалари картошка, пиёз, ер ёнғоқ, мош экиб, даромад топаяпти. Иссиқхоналарида куз-қиш мавсумида ҳам мева-сабзовотлар, кўчатлар етиштиришмоқда.
Жозиба маҳалласига келган одам амалга оширилаётган ишларни кўриб қувонади. Аҳолининг саъй-ҳаракатлари билан ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Гўзал меъморий кўринишга эга савдо дўконлари, мини маркет, мини футбол майдони, маданият маскани, мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти ва бошқа қулайликлар бунёд этилган. Аҳолининг турмуш даражаси ривожланаяпти. Маҳаллада “Обод хонадон” деб эътироф этишга молик хонадонлар кўплиги кўпчиликни хурсанд қилаяпти. Жумладан, Жўра Ҳасанов, Баҳром Қосимов, Шуҳрат Шопўлатов, Муҳиддин Салимов, Асқар Пиримқулов каби хонадон соҳибларининг намунали уй шароитларини яратганлиги барчага ибрат бўлаяпти. Мунчоқтепа маҳалласида ҳам дилни яйратадиган уйлар қурилди. Баҳодир Жўраев бошлиқ хонадон меъморий қурилиши, безаш арнаменти ва жиҳозланиши билан оила аъзоларига хурсандчилик бағишлаяпти. Улар ўз меҳнат маҳсулидан завқланиб, бахтли яшаяпти. Ҳавасни келтирувчи қулайликлари, турмуш даражаси фаровонлиги билан намуна бўлаяпти. Худойберди бобо Юсупов хонадони ҳам саранжом-саришта, қулайликлари билан ажратилиб турибди. Қаҳрамон Муҳиддинов хонадонидаги гўзаллик, ободлик бунёдкорлик ишларининг намунаси сифатида ҳусн-у тароватга эга. Қулайлиги ва чиройига боқиб завқланасиз, хонадон соҳибларига бу эзгу ишлари учун тасаннолар айтасиз, албатта.
Замон талаби билан ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, мулкдор бўлиши учун яратилган шароитлар ўз натижаларини кўрсатмоқда. Ҳозирги ёшларда маҳалласини ривожлантириш иштиёқи баланд. Улар ақл-заковати, меҳнати билан жамиятимиз ривожини таъминлаш ишларида асло чарчамайди.
Н. МУҲАММАДИЕВ