Коронавирус инфекцияси билан касалланиш пандемия тусини олганлиги учун туманимиз тиббиёт ходимларидан вазифаларини сабот ва матонат билан бажариш талаб этилаяпти. Улар масъулиятли бурчларини бажариш жараёнида фидойилик кўрсатишига тўғри келмоқда. Бу йил март ойининг иккинчи ярмидан буён юртимизда биринчи марта аниқланган ҳолатдан то ҳозиргача коронавирус пандемиясига қарши кураш кескин давом этаяпти.
Аҳолининг саломатлигини сақлаш учун апрель-май, июль-август ойларида карантин чоралари кучайтирилиб, эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш чоралари кўрилди. Қўлланилган чора-тадбирлар натижасида карантин чоралари юмшатилди. Бироқ хавф тўлиқ чекингани йўқ. Шунинг учун ҳар бир инсон белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиши зарур. Соғлик, аввало, инсоннинг ўзига керак. Ниқоб таққан, антисептик воисталардан фойдаланган, ижтимоий масофани сақлаган, тўй ва маракани талаб даражасида ўтказган шахслар ўзи ҳамда атрофидагиларнинг саломатлигини асрайди.
Туманимиз тиббиёт ходимлари ҳар доим иш жараёнларида масъулиятни ҳис этиб ишлаяпти. Коронавирус инфекцияси билан зарарланган одамларга тиббий хизмат кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратилди. 50 ўринли туман юқумли касалликлар бўлими қайта таъмирланиб, шифохонага айлантирилди. Зарур асбоб-ускуналар, дори-дармонлар, ҳимоя воситалари, кийим-кечаклар билан таъминланди. Ҳозирги кунда 16 нафар шифокор, 20 нафар ҳамшира, 22 нафар кичик тиббиёт ходими, 6 нафар овқат тарқатувчи, 4 нафар лаборант 14 кунлик карантин хизматида ишлаяпти. Бу йил 4 августдан туман тиббиёт бирлашмасида Covid билан оғриган беморларга хизмат кўрсатувчи “махсус поликлиника” ташкил этилди. Зарур жиҳозлар билан таъминланди. Кундузги шароитда беморларни қабул қилиш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш учун 6 нафар шифокор, 6 нафар ҳамшира, 2 нафар кичик тиббиёт ходими жалб этилди. Бундан ташқари, 32 нафар тиббиёт ходими навбатчиликка қўйилаяпти. Тумандаги барча тиббиёт ходимлари коронавирус пандемиясига қарши курашга сафарбар этилди.
Карантин бошлангандан то 3 сентябрга қадар туман бўйича жами 5158 нафар фуқаро карантинга олинди. 1 кунда 64 нафар беморлага шундай чоралар қўлланилди. 5019 нафар фуқаро коронавирусдан соғайди. Шундан 4782 нафари уй шароитида, 237 нафари тиббиёт муассасаларида даволанди. Ҳозир 126 нафар фуқаро, шундан 29 нафари уй шароитида, 13 нафари тиббиёт муассасасида карантинга олинди. 3 сентябрь ҳолатида 9 нафар бемор уйида даволанаяпти. Махсус поликлиникада тиббиёт ходимларига 4 августдан буён 658 нафар бемор коронавирус инфекцияси билан мурожаат қилди. 72 нафари станционар шароитида даволанишга олинди. 586 нафарига амбулаторияларга тавсия берилди. Бир суткада махсус поликлиникага 46 нафар бемор ёрдам сўраб келди. Улардан 8 нафари госпитализация қилинди. 38 нафари амбулатория шароитида даволашга юборилди. Туманимиздан 8 нафар шифокор, 12 нафар ҳамшира, 14 нафар кичик тиббиёт ходими Термиз шаҳрига даволаш муассасаларида беморларни даволашга сафарбар этилди. Тиббиёт ходимларимизнинг қаҳрамонона меҳнати рағбатлантирилмоқда. Уларнинг иш ҳақига қўшимча равишда 6 фоиз иш ҳақи берилди. Бу рақамлар амалга ошираётган ишларимизга ойдинлик киритади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ҳали коронавирус балосидан тўлиқ қутилганимиз йўқ. Кўринмас ёв тўлиқ бартараф этилмасдан хотиржамликка берилмаслик керак. Шунинг учун аҳолини ҳар доим саломатлигини сақлашга чақирамиз. Агар бирор кор ҳол учраса тиббиёт ходимлари амалий ёрдам кўрсатишга шай турибди.
Улуғбек МУСАЕВ,
туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари