Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимчага кўра, кассация инстанцияси суди мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси жараёнида йўл қўйилган камчиликларга қаратиш зарур бўлганда хусусий ажрим чиқаради.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра:
- Барча суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари 3 йил ичида ижрога топширилиши мумкин. Илгари иқтисодий судларники 6 ой ичида эди;
- Давлат ижрочисининг ҳар қандай қарорлари ёки ҳаракатлари устидан шикоят фақат маъмурий судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга берилади.
Илгари Иқтисодий суд билан боғлиқ ижро юзасидан иқтисодий судларга шикоят берилган.
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ, эндиликда ўзаро боғлиқ бўлган, баъзилари фуқаролик судига, баъзилари эса маъмурий судга тааллуқли бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Илгари мазкур ишлар бирлаштирилиб барча талаблар фуқаролик судида кўрилган. Талаб фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда тақдим этилган тақдирда, даъво аризаси (ариза) тааллуқлилигига кўра иқтисодий судга ёки маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади.
Иқтисодий ёки маъмурий суддан ариза ёки иш материаллари судга тааллуқлилигига кўра келиб тушганда судья ариза тегишли талабларга мувофиқ эмаслигини аниқлагач, ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай даъвогарни (аризачини) камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади ва унга бунинг учун 10 кундан ошмайдиган муддат беради.
Бундан ташқари, мазкур Кодексга кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш ҳамда кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш билан боғлиқ асослар киритилди.
Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилди.
Жумладан, тарафларнинг келишув битими тузиш ҳуқуқи белгиланди. Унга кўра: - тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин;
- тарафларнинг келишуви фақат уларнинг низоли оммавий ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бўлиши ҳамда тарафларнинг ўзаро ён беришига йўл қўйилган тақдирда амалга оширилиши мумкин;
- келишув битими ёзма шаклда тузилади ва уни тузган шахслар томонидан имзоланади;
- келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган деб ҳисобланади.
Шунингдек, киритилган ўзгартиришга мувофиқ, маъмурий суд ишларини юритиш суднинг фаол иштироки асосида амалга оширилади.
Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, аризалари, илтимосномалари, улар томонидан тақдим этилган далиллар ва ишнинг бошқа материаллари билан чекланмасдан маъмурий ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширади.
Суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далиллар тўплайди, шунингдек маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни бажаради.
Шунингдек, судга аризачи ариза (шикоят) билан бир қаторда аризада кўрсатилган талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақли.
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги аризалар (шикоятлар) бўйича талаб суммасининг 2 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади. - Р. Султонов.
- туман адлия бўлими бошлиғи