«Ҳимоя ордери» ҳақида биласизми?

“Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат”.
(Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунидан)
“Ҳимоя ордери” тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган жабрдийда хотин-қизларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан берилади. Турмуш ўртоғи, севган йигити, қайнота-қайнонаси, қайнсингиллари, қўни-қўшни, иш жойида бўлса, раҳбари ва бошқалар томонидан жисмоний ёки руҳий зўравонлик қурбонига айланган аёллар мазкур ордер асосида қонуний тарзда муҳофаза қилинади.
Зиммамдаги вазифа ва масъулиятдан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида бўлимимизга қарашли маҳаллаларда истиқомат қилаётган, тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига айланган хотин-қизларнинг 14 нафарига шахсан “Ҳимоя ордери” беришни маъқул топдим. Шундан 10 та ҳолатда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилган тушунтириш ишлари сабаб оилалар яраштирилди. Афсуски, 4 тасида бундай саъй-ҳаракатларимиз зое кетди ва оилалар ажрими қайд этилди. Яна 2 та ҳолатда оилаларнинг ажрим ёқасига келиб қолгани туфайли тарафларнинг фуқаролик судига ариза бергани маълум.
Тазйиқ ва зўравонлик ўтказганларнинг 8 нафари тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди. Руҳий зарбага учраб келган жабрдийдаларга психологик ёрдам кўрсатилди, зўравон томонидан тан жароҳати олган заифаларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилди. Зўравонларга турли чекловлар белгиланди.
Бироқ, табиийки, етказилган барча турдаги зарарлар булар билангина унутилиб ёки тузалиб қолмайди. Ушбу жараёнда, энг ёмони, эр ва хотин, қариндош-уруғ, қайнана ёки қайнота ва келин, ёхуд оиланинг бошқа аъзолари ўртасидаги муносабатларга дарз кетади. Кўнгиллар вайрон бўлади. Парчаланган қалб эса зинҳор аввалги ҳолатига қайтмайди.
Яқинда Хўжақишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1971 йилда туғилган фуқаро Р.Т. (исм, фамилиялар ўзгартирилган) туман Ички ишлар бўлимига турмуш ўртоғи устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Суриштирувлар натижасида илгари бир неча бор судланган, ҳозирда ҳеч қаерда ишламайдиган эр спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда аёлини уриб, ҳақоратлаб, икки нафар фарзанди билан бирга уни уйидан бир неча бор қувгани маълум бўлди. Шунингдек, ожизага доимий равишда тазйиқ ва зўравонлик ўтказиб келган. Вазият янада чигаллашмаслигини, ёмон оқибатларнинг олдини олиш мақсадида профилактика инспектори А. Шукуров томонидан аёлига ҳамда вояга етмаган қизига “Ҳимоя ордери” берилди. Назорати маҳалла раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарига топширилди.
Жараёнлар тўлиқ ўрганилиб, тегишли тартибда жабрдийдалар қонун ҳимоясига олинди.
И. Полвонова,
Туман ИИБ ХПБ хотин-қизлар масалари бўйича катта инспектори, подполковник